“Ўзбекистон ҳаво йўллари” навбатдаги Boeing 787 Dreamlinerни олди

Дата: 09:59, 21-05-2018.

Тошкент. 21 май. ЎзТАГ – “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси (МАК) навбатдаги Boeing 787 Dreamliner йўловчи самолётини олди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"Ўзбекистон ҳаво йўллари" Миллий авиакомпаниясининг авиапарки навбатдаги янги авлод самолёти – Boeing 787-8 Dreamliner билан тўлдирилди. Ҳаво лайнерини Ўзбекистонга Миллий авиакомпания экипажи: МАК Учув-услубий бўлими бош учувчи-йўриқчиси Иосиф Зак, Boeing-787 Учувчилар отряди комадир ўринбосари Шаҳзод Икромов ҳамда иккинчи учувчи Олимжон Узоқов олиб келишди”, - дейилади ширкат ахборот хизматининг хабарида.

Авиакомпаниянинг ушбу русумдаги учинчи авиалайнери МАК авиапаркида мавжуд бўлган аввалги иккита Boeing 787-8 Dreamlinerдан йўловчи ўриндиқларининг сони ошиқлиги ва экипаж дам олиши учун алоҳида бўлинма ташкил этилганлиги билан фарқланади.

“Ушбу самолётда ҳам авиакомпаниянинг бошқа Boeing 787 Dreamliner ҳаво кемаларидаги каби ёнилғи тежаш самарадорлигини ошириш, шовқин даражасини пасайтириш ва атмосферага CО2 ажраб чиқишини камайтириш имконини берувчи ГE GE Aviation компаниясининг GEnx-1В двигателлари ўрнатилган”, – дейилади хабарда.

Икки классли компоновкада ишланган самолётнинг кенг саҳни 270 ўриндиққа (бизнес классда - 24, тежамкор классда - 246) эга. Лайнернинг қулай ва кенг ўриндиқлар, янгича ёритиш ва шовқин ўтказмайдиган тизимлар, пол қопламалари ҳамда алоҳида ҳар бир йўловчи учун мўлжалланган индивидуал кўнгилочар дастурли мониторлар билан жиҳозланганлиги “Ўзбекистон ҳаво йўллари” йўловчиларига парвозларини юқори даражадаги қулайликда, мароқли ўтказишларига имкон яратади.

Эслатиб ўтамизки, Boeing 787 Dreamliner – янги авлод самолётлари билан тўлдирилишни давом этаётган МАК флотининг муҳим элементи ҳисобланади. Истиқболдаги режаларга кўра, миллий авиакомпания парки 2020-йилга қадар ушбу русумдаги олтита самолётга эга бўлади.

Таъкидлаш жоизки, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси Марказий Осиёда Boeing 787 Dreamliner самолётларига буюртма берган биринчи буюртмачидир. Авиакомпания уларнинг тижорат эксплуатациясини 2016-йилда бошлаган. 2017-йилнинг 27-июлида эса Ўзбекистон Миллий авиаташувчиси тарихда биринчи марта ушбу русумдаги самолётда Тошкентдан Нью-Йоркка илк узлуксиз парвозини амалга оширди.

Бугунги кунда Ўзбекистоннинг замонавий ва қулай авиалайнерлари Европа ва Осиёнинг 40дан ортиқ шаҳарларига парвоз қилмоқда ҳамда Аляскадан тортиб Янги Зеландиягача чартер қатновларини бажармоқда. Авиакомпания авиапарки замонавий Boeing 757, 767, 787 Dreamliner ва Airbus 320 ҳаво кемаларидан иборат.

Сурат манбаи: http://www.anons.uz/article/society/18234/

Янгилик билан ўртоқлашиш: