“Ўзбекнефтегаз” иккита янги газконденсат конини очди

Дата: 14:29, 09-06-2014.

Тошкент. 9 июн. ЎзТАГ – 2014 йилнинг биринчи чорагида “Ўзбекнефтегаз” Миллий холдинг компанияси шартли 20 млн тонна углеводород заҳиралари бўлган иккита янги конни очди, деб хабар беради “Новый Век” газетаси.
Геология қидирув ишларини ўтказиш натижасида Бухоро-Хива ҳудудида “Ахирбулоқ” ва Устюртда “Чибини” янги газконденсат конлари очилди, деб аниқлаштирилади материалда. Ҳар икки кон “Ўзбекнефтегаз” балансига берилди.
Холдинг маълумотларига кўра, 2014 йилнинг 1 январига келиб, Ўзбекистонда аниқланган углеводородларнинг заҳиралари шартли 2,5 млрд тонна ёқилғи миқдорига тенг бўлган. Бундан 65% атрофидаси газ заҳираларидир. Ўзбекистон нефт-газ саноатини ривожлантиришнинг 2013-2020 йилларга мўлжалланган концепцияси углеводородлар заҳираларини 24,5% кўпайтириб, шартли 3,16 млрд тоннага етказишни кўзда тутади. Хусусан, табиий газ заҳираларини 488,5 млрд кубометрга кўпайтириш, суюқ углеводородларни 41,7 млн тоннага кўпайтириш режалаштирилмоқда.
“Ўзбекнефтегаз” МХК қувватлари ҳозирда йилига 70 млрд кубометр табиий газ, ва 8 млн тонна суюқ углеводородлар қазиб олиш имконини беради.

Янгилик билан ўртоқлашиш: