АҚШлик туристлар гуруҳи Бухорога яшашга келди

Дата: 17:22, 20-04-2018.

Тошкент. 20 апрел. ЎзТАГ – АҚШлик туристлар гуруҳи миллий урф-одатлари, қадрият, анъаналар, миллий таомлари билан танишиш мақсадида Бухорога яшашга келди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Матбуот хизматига таянган ҳолда.

Ана шундай гуруҳлардан бири АҚШнинг Калифорния штатидан Вобкент тумани “Найман” қишлоғидаги “Достон хаус” меҳмон уйига ташриф буюрди. Бу ерда улар “Вобкент” минораси, “Хайробод” ширкат хўжалиги ҳудудидаги “Чашмаи Айюб” мақбараси, “Сўфидеҳқон” хонақоси, Тошмачит каби тарихий обида ва зиёратгоҳларни томоша қилиб, зиёрат қилдилар. Шунингдек, сайёҳлар қишлоқ аҳолисининг турмуш тарзи билан яқиндан танишишди.

Шу билан бир қаторда, ташриф давомида ерга экин экиш, миллий таомлар тайёрлаш, тандирда нон ёпиш жараёнларида ҳам зўр қизиқиш билан иштирок этишди.

“Халқингизни таърифлашга тил ожиз. Жуда меҳнаткаш, самимий, меҳмонсевар, очиқкўнгил. Айниқса, ўзбек аёлининг қирқта жони бор деган нақлнинг чинлигига бугун амин бўлдим. Оташ багрига кириб нон ёпишларини кўриб ҳайратда қолдим. Мен учун эсда қоларлиси, чучвара тукканим бўлди. Мен биттасини тайёрлайман деганча, сизнинг аёлларингиз 10 кишини тўйдирадиган даражада пиширишга улгуришди. Бундан олдин ҳам бошқа давлат ва шаҳарларда бўлганман. Лекин Бухородаги саёҳат унутилмас бўлди”, - дейди меҳмонлардан бири.

Сурат манбаи: https://rus.ozodlik.org/a/28894510.html

Янгилик билан ўртоқлашиш: