Абдулазиз Камилов Тошкентдаги Франция элчихонасига ташриф буюриб, таъзиялар китобида қайд қолдирди

Дата: 10:28, 17-11-2015.

Тошкент. 17 ноябр. ЎзТАГ – Кеча, 16-ноябр куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Франция Республикасининг Тошкент шаҳридаги элчихонасига ташриф буюрди, деб хабар қилади ТИВ матбуот хизмати.

“Вазир кўплаб инсонларнинг ҳалок бўлишига олиб келган 13-ноябрда Париж шаҳрида содир этилган қатор террористик актлар муносабати билан таъзия билдирди ва дипломатик ваколатхонада очилган Ҳамдардлик китобига қайд киритди”, - дейилади хабарда.

Ўз навбатида Франциянинг Ўзбекистондаги элчиси Жак-Анри Элс Ўзбекистон томонининг француз халқига қайғули бўлган вақтда йўллаган ҳамдардлик ва далда учун ўз миннатдорчилигини билдирди.

ОАВ хабарларига кўра, 14 ноябрга ўтар кечаси Парижда қатор терактлар серияси содир этилиб, тўрт марта одамларга қарата ўқ узилган, “Батаклан” концерт залида кишилар гаровга олинган, “Стад де Франс” футбол стадионида эса учта портлаш содир қилинган. Терактлар учун жавобгарликни “Ислом давлати” экстремистик ташкилоти ўз бўйнига олган. Сўнгги маълумотларга кўра, хужумлар натижасида 129 киши қурбон бўлган.

Полиция терактларга алоқадаор шахсларнинг учтасини шахсини аниқлади. Якшанба куни ОАВ полиция жангарининг “Батаклан”га хужумда иштирок этган қариндошлари ушланганини хабар қилди.

Франциянинг куч тизимлари терактларга алоқадор кишиларни қидирмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: