Афғонистон элчиси Ўзбекистондаги дипмиссиясини якунламоқда

Дата: 22:59, 15-05-2015.

Тошкент. 15 май. ЎзТАГ – Афғонистон Ислом Республикасининг Фавқулодда ва Мухтор элчиси Муҳаммад Содиқ Даудзай Ўзбекистондаги дипломатик миссиясини якунламоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов ва Афғонистон элчисининг Ўзбекистон ташқи сиёсий муассасасида бўлиб ўтган учрашуви ушбу масалага бағишланди.

“Мазкур учрашувда мамлакатимиздаги ўз дипломатик миссиясини якунлаётган Афғонистон Элчисининг сермаҳсул фаолияти қайд этилди ҳамда давлатлараро алоқаларни кенгайтиришга қўшган ҳиссасига ижобий баҳо берилди”, - дейилади ТИВ матбуот хизмати хабарида.

Бундан ташқари, учрашувда ўзбек-афғон кун тартибининг долзарб масалалари, шу жумладан, қўшма иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари ҳам муҳокама қилинди.

Шунингдек, томонлар бўлажак иккитомонлама сиёсий алоқалар ҳамда турли даражадаги бошқа учрашувлар юзасидан фикр алмашдилар.

Шу билан бирга, Муҳаммад Содиқ Даудзай Ўзбекистондаги миссиясини муваффақиятли бажариши учун яратилган қулай шарт-шароитлар учун ўз миннатдорчилигини изҳор этди.

Эслатиб ўтамизки, Муҳаммад Содиқ Даудзай 2013 йил 1 январда Афғонистоннинг Ўзбекистондаги элчиси қилиб тайинланган эди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: