Андижон вилоятида яқин йилларда 50 кўпхонадонли уйлар қурилади

Дата: 15:23, 21-05-2018.

Тошкент. 21 май. ЎзТАГ – Андижон вилоятида яқин йилларда 50 кўпхонадонли уйлар қурилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ушбу режалар Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Андижон шаҳрининг Султон Жўра маҳалласида қурилган уй-жойларни кўздан кечириш доирасида очиқланди.

“Давлатимиз раҳбарининг ўтган йилги ташрифи чоғида белгиланган вазифалар асосида ушбу маҳаллада бешта, Мустақиллик маҳалласида иккита 7 қаватли уй қурилиб, фойдаланишга топширилди. Жорий йилда 14 та шундай турар жой барпо этилаётган эди. Президентимиз Андижонда бу масала долзарб эканини инобатга олиб, шу йилнинг ўзида қўшимча яна бешта 7 қаватли уй қуриш бўйича топшириқ берди”, - дейилади давлат раҳбари матбуот хизматининг хабарида.

Шу тариқа бу йил Андижон шаҳрида 19 та, яқин йилларда жами 50 та кўп қаватли уй бунёд этилади.

“Шу ернинг ўзида Андижон вилоятида амалга ошириладиган қурилиш ва ободонлаштириш ишлари, коммунал тармоқларни яхшилаш лойиҳалари тақдимоти ўтказилди. Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятида ичимлик суви тармоқларини ривожлантириш учун 200 миллиард сўм маблағ ажратишга кўрсатма берди”, - деб хулоса қилинади хабарда.

Эслатиб ўтамизки, 19 майда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши билан танишиш мақсадида Андижон вилоятига ташриф буюрди. Ташриф давомида тўқимачилик, пиллачилик, фармацевтика, агросаноат корхоналари фаолияти билан танишиш, истиқболли лойиҳаларни муҳокама қилиш, вилоят фаоллари ва мутасаддилар иштирокида йиғилиш ўтказиш режалаштирилган эди.

Сурат манбаи: https://www.xabar.uz/ru/jamiyat/andijonda-50-ta-kop-qavatli-uy-quriladi-foto

Янгилик билан ўртоқлашиш: