Ҳар бир ўзбекистонлик давлат кадастрининг очиқ маълумотларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлади

Дата: 14:24, 25-07-2018.

Тошкент. 25 июл. ЎзТАГ – Ҳар бир ўзбекистонлик давлат кадастрининг очиқ маълумотларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бундай имконият Ўзбекистонда амалга оширилаётган очиқ геопортални яратиш лойиҳаси билан кўзда тутилган.

Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси давлат ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси томонидан Жаҳон банки кўмагида амалга оширилмоқда. “Кўчмас мулк ва кадастр ҳужжатларини рўйхатга олиш тизимларини модернизациялаш” лойиҳасини амалга ошириш учун Жаҳон банки тарафидан $20 млнлик заём тақдим этилган.

Бугунги кунга келиб, лойиҳа доирасида халқаро ва маҳаллий консалтинг компаниялари жалб қилинган бўлиб, улар билан ҳамкорликда ахборот тизими дизайни, техник спецификацияларни ишлаб чиқиш ишлари бажарилмоқда. Кадастр ҳужжатларини, картографияга оид ва бошқа архив материалларини рақамлаштириш методологияси ишлаб чиқилмоқда.

Янги очиқ координатлар тизимини ва космик съёмка материаллари ҳамда кадастр индексли харита бўйича тузилган чоксиз растрли базавий харитага асосланган очиқ геопорталини яратиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.

Ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши геофазовий маълумотларнинг электрон ҳукумат тузилмасига интегралланиши, геофазовий маълумотлардан фойдаланиш, уларни алмашиш ва умуммиллий миқёсда қўллаш, давлат органлари, тадбиркорлик субъектлари ва аҳолига интерактив хизматларни сифатли тақдим этиш имконияти яратилади.

Кўчмас мулкка оид ҳуқуқлар ва кадастр маълумотларидан очиқ фойдаланиш имкониятининг яратилиши Ўзбекистондаги инновацион муҳитнинг яхшиланишига кўмаклашиши кутилоқда.

Сурат манбаи: https://es.wikipedia.org/wiki/Archivo:Uzbekistan_mapa.JPG

Янгилик билан ўртоқлашиш: