Бухоро анъанавий “Ипак ва Зираворлар” фестивали бошланди

Дата: 22:27, 28-05-2015.

Тошкент. 28 май. ЎзТАГ – Бугун Бухородаги Лаби Ховуз майдонида анъанавий 14- “Ипак ва Зираворлар” ўзбек маданияти ва анъаналари фестивали бошланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Фестиваль барча санъат ва маданият турларини ўзида жамлаган, зарбоф чеварлик санъати, тикувчилик, ёғоч ўймакорлиги, гиламчилик, қурилиш устачилиги, тасвирий санъат каби халқ ҳунармандчиликларини қўллаб-қувватлайди, шунингдек, барча вилоятлардан энг яхши усталарни бир жойга тўплайди. Улар ўз санъатларини намойиш қиладилар. Бу ерда ипак матоларни, гулли гиламларни ва зарбоби миллий кийимларни, шарқона заргарлик буюмлари, қорақўл мўйналарни, ўзбек кулолчилиги ва темирчилиги намуналари ва бошқаларни кўриш мумкин”, - деб таъкидлашди “Ўзбектуризм” МК матбуот хизматида.

Фестиваль доирасида 30 майда “Қандай қилиб Буюк Ипак Йўлида жойлашган Бухорони жаҳон сайёҳлигининг марказларидан бирига айлантириш мумкин” деган мавзуда илмий-амалий конференция бўлиб ўтади.

Эслатиб ўтамизки, халқ сайиллари, миллий қўшиқ ва рақслар, кўча артистлари чиқишлари, қадим ўзбек урф ва халқ ўйинларидан иборат театрлаштирилган байрам 1 июнга қадар давом этади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: