Бухоро-Когон йўли бўйлаб 39 беш қаватли уйлар 15 йилга кредитга берилади

Дата: 13:51, 20-02-2018.

Тошкент. 20 феврал. ЎзТАГ – Бухоро-Когон йўли бўйлаб 39 беш қаватли уйлар 15 йилга кредитга берилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Шавкат Мирзиёев Бухоро – Когон йўли бўйида қурилаётган кўп қаватли уйларни бориб кўрди. Бу уйлар қурилиши 2017 йил май ойида бошланган ва уларни жорий йил мартда якунига етказиш мўлжалланган. Умумий мажмуа сифатида қурилаётган уйлар сони 39 та бўлиб, 1024 хонадондан иборат. 5 қаватли ва асосан 2, 3 хонали уйлар 15 йил муддатга кредит асосида берилади”, - дейилади ЎзАнинг Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 16-17 феврал кунлари Бухоро вилоятига қилган сафарига доир хабарида.

Шу ерда давлатимиз раҳбарига вилоятда олиб бориладиган янги қурилишлар ҳақида маълумот берилди. Когон шаҳрида қурилаётган 6 ва 7 қаватли уйлар қарийб 2 гектар майдонни эгаллайди. Бухоро шаҳрининг бош режасига кўра, И.Каримов, О.Эшонов, Ҳамза, М.Иқбол, С.Айний кўчалари кесишмаларидаги турар жой мавзелари қайта қурилади. Тартибсиз ва маънавий эскирган уйлар янгиланади.

“Бу ердаги беш массивда 785 хонадонли 57 турар жой биноси, 181 нотурар жой бино ва 28 та ҳовли мавжуд. Янги лойиҳага кўра, 3399 хонадонли 57 турар жой биноси, 370 нотурар жой бино барпо этилади”, - деб таъкидланади хабарда.

Сурат манбаи: http://uzbekgo.com/view_subsection.php?id_subsection=45

Янгилик билан ўртоқлашиш: