Эронда бензин нархи 5% ошиши кутилмоқда

Дата: 16:12, 18-02-2015.

Теҳрон. 18 феврал. ЎзТАГ – Эронда бензиннинг чакана нархи 5% ошиши кутилмоқда, деб хабар қилади чоршанба куни Эрон телеграф агентлиги (ЭрТАГ).

Бунга доир қарор ЭИР Мажлиси (парламенти) томонидан қабул қилинган бўлиб, унга мувофиқ, ҳукумат бензин чакана нархларини 5% оширади. Қарор парламентнинг Эрон тақвими бўйича 1394 йилги (2015 йил 21 мартдан) давлат бюджетига доир қонун лойиҳасини кўриб чиқишга бағишланган йиғилишида кўпчилик овоз билан қабул қилинган, деб ёзади сешанба куни Arman газетаси.

Хужжатга мувофиқ, президент Ҳасан Руҳоний маъмурияти эндиликда ярим субсидияланадиган АИ-92 маркали бензин нархини ҳозирги 7 минг риалдан 7,35 минг риалга қадар (расмий курс бўйича $0,26) оширишга ҳақли. Янги йилдан бошлаб, ярим субсидияланадиган АИ-98 маркали бензиннинг бир литри 8 минг ўрнига 8,4 минг риал ($0,30) бўлади. Айни пайтда АИ-92 ва АИ-98 маркадаги субсидияланмайдиган бензин нархлари ҳозирги литрига 10 ва 11 минг риал ўрнига 10,5 минг ва 11,55 минг риалга қадар ошади.

Маҳаллий таҳлилчиларинг қайд этишларича, ҳукумат оддий эронликларга ёқимсиз бўлган ана шу чораларни давлатнинг нефт сотувидан оладиган даромадлари сезиларли даражада қисқариши орқасида қабул қилишга мажбур қолган. Маълумки, нефт нархлари ўтган йилдан бери деярли икки бараварга тушиб кетди.

Бундан олдин Эрон ҳукумати яқин йиллар орасида мамлакатда бензин нархлари қайта кўриб чиқилмаслиги ҳақида бир неча марта маълум қилган эди.

Расмий маълумотларга кўра ҳар куни Эронда 70 млн литрга қадар бензин истеъмол қилинади. Унинг 5 млн литри хориждан импорт қилинади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: