ЕТТБ ноябрда Тошкентда ўз ваколатхонасини очади

Дата: 14:25, 25-10-2017.

Тошкент. 25 октябр. ЎзТАГ – Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) ноябрда Тошкентда ўз ваколатхонасини очади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Тадбир ЕТТБ биринчи вице-президенти Фил Беннетт ва таваккалчиликлар бўйича вице-президент Бетси Нельсонларнинг Ўзбекистонга ташрифига бағишланади.

“Ушбу ташриф доирасида вакилларимиз ЕТТБнинг Тошкентдаги ваколатхонасини расмий равишда очади, ҳукуматингиз вакиллари билан қатор учрашувлар ўтказади, шунингдек, 10-11-ноябр кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган Марказий Осиеда хавфсизлик ва изчил тараққиёт масалалари бўйича олий даражадаги халқаро конференцияда иштирок этади”, - дейилади банк раҳбари Сума Чакрабартининг Ўзбекистон президентига мактубида.

Шунингдек, мактубда банк Директорлар кенгаши Ўзбекистонда илк икки операцияни бир овоз билан тасдиқлагани таъкидланади. Чакрабартининг фикрига кўра, бу Ўзбекистон ва ЕТТБ ўртасидаги муносабатларнинг муҳим босқичи бўлган.

“Дарҳақиқат, жорий йил март ойида Тошкент шаҳрида Сиз билан бўлиб ўтган учрашув ва Ўзбекистон ҳукумати билан Англашув меморандуми имзоланганидан сўнг банкимиз вакиллари тезкорлик билан қатор сармоявий лойиҳалар ишлаб чиқишга муваффақ бўлгани мени қувонтиради. Ишончим комилки, бу ЕТТБнинг Ўзбекистон Республикаси билан ҳамкорликдан манфаатдор экани ва банкимиз Сизнинг ташаббусингиз билан амалга оширилаётган сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар дастурини қўллаб-қувватлашининг ишончли тасдиғидир”, - дейилади мактубда.

Юқорида зикр этилган икки лойиҳа кичик ва ўрта бизнес, савдони молиялаштиришни қўллаб-қувватлаш учун Ўзбекистон Миллий банкига ажратиладиган $100 млн қийматидаги кредит линияси, шунингдек, мева шарбати ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Агромир” хусусий компаниясига ажратиладиган $10 млнлик заёмдан иборатдир.

Банк раҳбари сўзларига кўра, ҳар икки лойиҳа банк тармоғи, кичик ва ўрта тадбиркорлик, агробизнесни мустаҳкамлаш орқали мамлакат иқтисодий тараққиётига салмоқли ҳисса қўшади.

“Ҳозирги вақтда мутахассисларимиз молия, қишлоқ хўжалиги ва саноат тармоқларида, шунингдек, жойлардаги инфратузилмани ривожлантириш бўйича кўплаб қўшимча сармоявий лойиҳалар ишлаб чиқмоқда. Биз “Кичик бизнес учун маслаҳатлар” дастурини ҳам ишга туширдик. Ушбу дастур доирасида биринчи лойиҳалар бошлаб юборилган. Бундан ташқари, мамлакатингиз билан Ҳамкорлик стратегиясининг дастлабки ишланмаларини якунлаш арафасидамиз. Стратегия бўйича делегациямиз ЕТТБнинг Ўзбекистондаги узоқ истиқболга мўлжалланган фаолиятининг устувор йўналишларини келишиб олиш учун келаси йил бошида ҳукуматингиз вакиллари билан учрашишига умид қиламиз”, - деб якунлайди мактубини Сума Чакрабарти.

Янгилик билан ўртоқлашиш: