Етти ухлаб тушингизга ҳам кирмаган

Дата: 10:53, 02-07-2018.

Тошкент. 2 июл. ЎзТАГ – Тўлқин Ташимов. Кеча кечаси футбол бўйича ЖЧ-2018нинг 1/8 финали доирасидаги Россия - Испания ўйинида ҳақиқий мўъжиза содир бўлди.

Асосий ва қўшимча вақтлардаги дурангдан сўнг Россия термаси дарвозабони Игорь Акинфеев икки пенальтини қайтариб, жамоани ¼ финалга олиб чиқди.

Превьюда ёзганимдай, Россия термаси тренери Станислав Черчесов кучли таркибга эга Испанияни енгиши учун янги стратегияни ишлаб чиқиши зарур эди. Ва у бу ишни яхши уддалади, янгича ёндашувни Уругвай билан ўйинда синовдан ўтказиб, Испанияга қарши қўллади.

Учта марказий ҳимоячиларга эга бўлган россияликлар битта мақсад – тўп ўтказиб юбормаслик умиди билан майдонга тушишди.

Лекин ўтказди...

12-дақиқада испанларнинг ўнг қанотдан берган жарима тўпидан сўнг Игнашевич тўпга ўйнаш ўрнига Серхио Рамос билан тортишига ҳаракат қилди, аммо тасодифан тўпни ўз дарвозасига йўллаб қўйди. Шундан кейин испанлар ўзларига келадигандай туюлган эди.

42-дақиқада Россия термаси ҳужумчиси Артем Дзюба боши билан тўп йўллади, аммо копток Испания термаси ўйинчисининг кўлига тегди. Ҳакам пенальти белгилади, ва Дзюба вазиятдан унумли фойдаланди.

1:1.

Черчесовдан фарқли ўлароқ, “фурия роха” мурабийси Фернандо Йерро бирон бир янги нарса ўйлаб топишга ҳаракат қилмади ва тўпни максимал назорат қилиш ва ўйинчиларнинг юқори дарадасига умид қилишда давом этди. Буни классик талқиндаги тики-така деб характерлаш мумкин.

Тўғри, Черчесов ҳам, Йерро ҳам энг асосий нарса – ишқибозлар ҳақида ўйламадилар.

Тўпни марказ бўйлаб юмалатиб юриш, камдан кам хужумларни фақат ярим мудроқ ҳолатида томоша қилиш мумкин эди. 11 футболчининг ўз майдонида мудофаага туриб олгани Исландия термасининг зерикарли ўйинини эслатди. Қисқача айтганда, испанлар ютишга ҳаракат қилишди, лекин буни уддалай олишмади, россияликлар эса ҳам юта олишмади, ҳам буни исташгани ҳам йўқ.

Олдинроқ мен Франция ва Дания орасидаги каби зерикарли ўйинни бошқа кўрмайман деб ўйлаган эдим.

Кўрдим...

Лекин ғолибларни муҳокама қилишмайди, дейишадику, ва шу сабабли ўйиндан кейинги пенальтилар сериясида Акинфеев ижросидаги икки ажойиб сейв бутун ўйиннинг асосий воқеаларидан бири бўлиб қолади. Россия ¼ финалга ўтди, ва натижада чемпионатнинг топ-8 энг яхши жамоалари қаторига кирди, Рамос-Иско-Иньеста-Коста эса нарсаларини йиғиштириб, ватанларига қайтишади.

Ва шундан кейин Игнашевичнинг Рамосга қарши жарима майдонида қўллаган курашча услубини ҳеч ким эсламайди ҳам. Айтишадику, уришдан кейин мушт ўдағайлашмайди, деб!

Бундай очиқчасига зерикарли ўйиндан кейин кўпчилик 1/8 финалнинг Хорватия ва Дания ўртасидаги ўйинни ҳақиқий қизиқарли футболни кўриш умидда кутган эди. Тўғри, юқорида айтиб ўтилган Франция – Дания ўйинини ҳали ёдимиздан чиқарганимиз     йўқ. Лекин ўшанда французларга ҳеч нима ҳавф солмаётган эди. Гуруҳда голли ва кучли футбол кўрсатган Хорватия данияликлар ҳимоясини янчиб ўтиб, чиройли голларни қалаштириб ташлайдигандай туюлган эди.

Аммо феерия атида 4 дақиқа давом этди. Биринчи дақиқадаёқ Дания Матиас Йергенсеннинг хужуми ёрдамида рақиб дарвозасига гол қиритди, 4-дақиқада эса Марио Манджукич Дания термаси жаримасида ўйинчига тегиб қайтиб келаётган тўпдан фойдаланиб қолди.

1:1.

Ҳайратланарлиси, данияликлар кутилгани каби зерикарли ўйин кўрсатишмади ва хужумга хужум билан жавоб беришди, рақиб дарвозасига 14 тўп йўллашди, бундан 3таси дарвоза ўрасига йўлланди. Хорватлар кўпроқ тўпга (54%га 46%) эгалик қилгани, 20 зарба йўллагани, бундан 6таси мўлжалга тўғри борганидан ҳайратланмаси ҳам бўлади.

Лекин ҳар икки жамоанинг ўйини очиқчасига ҳафсалани пир қилди. Чунки Хорватия ҳам, Дания ҳам дарвозалари ҳимояси ҳақида кўпроқ ўйлаб, хужум қилиш тўғрисида оз қайғуришди. Хуллас, Модрич-Ракитич ва Ко ўйиндан кейинги пенальтилар бўйича ¼ финалга чиқди.

Жамоаларни прагматикликда айблаш жуда оддий ечим бўлган бўлур эди. Улар учун бизнинг ҳаяжонларимиз эмас, балки натижа муҳим. Масалан, 1/8 финалда Франция, Аргентина, Уругвай ва Португалия голлар кўп бўлган ёрқин футбол кўрсатишди, кейин эса Испания, Россия, Хорватия ва Дания иштирокидаги очиқчасига зерикарли ўйинлар бўлиб ўтди.

Умид қиламанки, бу ўйинлар ўтиб кетди ва бошқа қайтарилмайди.

Эслатиб ўтамизки, ЖЧ-2018 – ФИФАнинг футбол бўйича 21-жаҳон чемпионати бўлиб, унинг финал қисми Россияда 2018 йил 14 июндан 15 июлгача бўлиб ўтаяпти. Россия ўз тарихида биринчи бор турнирга мезбонлик қилмоқда. Чемпионат Россиянинг 11 шаҳридаги 12 стадионларда ўтказилмоқда. Бундан ташқари, чемпионатда илк марта ҳакамларга видеоёрдам тизимидан фойдаланилмоқда.

Сурат манбаи: https://www.rusfootball.info/euro_2016/1146328365-vyacheslav-chanov-seyv-akinfeeva-v-koncovke-shedevr-vratarskogo-iskusstva.html

Янгилик билан ўртоқлашиш: