“Газпром” ОАЖ вакиллари Қирғизистон жанубига газ етказиб бериш бўйича Ўзбекистонда музокара олиб бормоқдалар

Дата: 15:21, 11-06-2014.

Бишкек. 11 июн. ЎзТАГ - “Газпром” ОАЖ вакиллари Қирғизистон жанубига газ етказиб бериш бўйича Ўзбекистонда музокара олиб бормоқдалар, деб хабар берди “24.kg” Ахборот агентиги Ўш газ хўжалиги бошқармаси бошлиғи Маматкалик Акматовга асосланган ҳолда.
Унинг сўзларига кўра, “Қирғизгаз” ОАЖдан музокараларда россия компанияси вакиллари ҳам фаол иштирок этаётганлиги ҳақида хабар келган. Хусусан, “Газпром” бошқаруви раисининг ўринбосари, ушбу ширкатда экспорт сиёсати ва хорижий алоқаларни назорат қилувчи Александр Медведев ҳозир Ўзбекистонда бўлиб турибди. “Музокаралар натижалари ҳақида ҳали ҳеч нима маълум эмас”, - деб аниқлаштирди М. Акматов.
У ҳудуд аҳолиси орасида асабийлик кузатилмаяпти, деб қўшимча қилди.
“Кунига менинг олдимга одамлар келиб музокаралар жараёнини тезлаштириш ва газ таъминотини тиклашни сўрашади. Аҳолига қийин бўлишига қарамасдан, ҳеч ким ғалаён кўтармоқчи эмас”, - деди амалдор.
Эслатиб ўтамизки, “ЎзТрансГаз” ОАЖ 14 апрелдан бошлаб шартнома муддати тугаганлиги ва “Қирғизгаз” ОАЖнинг “Газпром” ОАЖга сотилиши муносабати билан Қирғизистон жанубига табиий газ етказиб беришни тўхтатиб қўйган эди. Эндиликда россиялик инвестор Қирғизистонга табиий газни барқарор ва тўхтовсиз етказиб бериш учун жавобгардир.

Янгилик билан ўртоқлашиш: