IFC Ўзбекистонга ДХҲ механизмларидан фойдаланган ҳолда қайта тикланадиган энергетикани ривожлантиришга ёрдам беради

Дата: 15:45, 21-05-2018.

Тошкент. 21 май. ЎзТАГ – Жаҳон банки гуруҳига кирувчи Халқаро молия корпорацияси (IFC) Ўзбекистон ҳукумати билан қайта тикланадиган энергетикани ривожлантириш ва мамлакат қайта тикланадиган энергетика соҳасига хусусий инвестицияларни жалб қилиш бўйича келишув имзолади, деб хабар беради IFC матбуот хизмати.

IFC транзакцион маслаҳатчи сифатида “Ўзбекэнерго” АЖга қуввати 100 Мегаваттлик қуёш электростанцияларини молиялаштириш, лойиҳалаштириш, қуриш ва фойдаланиш учун хусусий инвесторларни жалб қилиш учун хусусий тармоқ тажрибаси ва инвестицияларини жалб қилишга ёрдам беради. Ушбу лойиҳа режалаштирилган 1000 Мегаваттлик лойиҳанинг биринчи босқичидир.

“Қайта тикланадиган энергетиканинг ривожи мамлакат энергетика балансини диверсификация қилишда катта роль ўйнайди”, - деди Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Суҳроб Холмуродов.

“IFC, Давлат инвестициялар қўмитаси ва “Ўзбекэнерго” АЖнинг танлов асосида хусусий инвестицияларни жалб қилиш бўйича биргаликдаги ҳаракатлари нафақат мамлакатда электр қуввати етказиб беришни яхшилайди, балки тармоққа хусусий сармояларни жалб қилишнинг шаффоф механизмини яратишга ёрдам беради. Бу тажрибани кейинчалик бошқа тармоқларда ҳам қўллаш мумкин бўлади”, - деб давом этди у.

Ўзбекистон қуёш энергияси соҳасидаги салмоқли ресурсларга қарамасдан электр қуввати ишлаб чиқаришда табиий газга жуда боғлиқ. Ҳукумат мамлакат энергетика балансини диверсификация қилиш ва тармоққа хусусий инвестицияларни мақсадида қайта тикланадиган энергетикани ривожлантириш ниятида.

Эслатиб ўтамизки, IFC кейинги 10 йилда иқлим ўзгариши билан боғлиқ лойиҳаларга $18,3 млрд ўз маблағларини йўналтирди, шунингдек, қўшимча $11 млрд маблағларни мобилизация қилди.

Сурат манбаи: http://loda.gov.ua/news?id=27307

Янгилик билан ўртоқлашиш: