Икки мамлакат тегишли муассасалари ўзбекистонликларни Россияда ишлаш учун ташкиллашган ҳолда саралаш ва жалб қилишга келишиб олдилар

Дата: 17:29, 22-10-2018.

Тошкент. 22 октябр. ЎзТАГ – Икки мамлакат тегишли муассасалари ўзбекистонликларни Россияда ишлаш учун ташкиллашган ҳолда саралаш ва жалб қилишга келишиб олдилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Қўшма ишчи гуруҳини ташкил этиш ҳақидаги келишув Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Меҳнат ва бандлик масалалари бўйича федерал агентлик (Росмеҳнат) ўртасида имзоланди.

“Ишчи гуруҳини ташкил этишдан асосий мақсад Россия Федерацияси Ҳукумати ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ўртасида Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Россия Федерацияси ҳудудида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга оширишлари учун уюшган тартибда йиғиш ва жалб қилиш ҳақидаги битимни амалга оширишдан иборат”, - дейилади вазирлик хабарида.

Маълум қилинишича, ҳужжатни Ўзбекистон томонидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев, Россия томонидан эса Меҳнат ва бандлик масалалари бўйича федерал агентлик раҳбари Всеволод Вуколов имзоладилар.  

Бундан ташқари, россия вазирлиги маълумотларига кўра, ҳужжат бир неча йўналишлар бўйича ҳамкорликни кўзда тутади. Булар меҳнат бозорини таҳлил ва мониторинг қилиш, аҳоли бандлиги ва хорижий ишчи кучини ташкиллашган ҳолда жалб қилишга кўмаклашиш, меҳнат ҳуқуқларини муҳофаза қилиш ва бошқалардир.

Биргаликдаги маслаҳат органлари ташкил этилади, тажриба ўрганиш мақсадида бандлик соҳаси ҳодимларининг ўзаро ташрифлари уюштирилади.

Сурат манбаи: https://www.mehnat.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: