Испания термаси ва “Барселона”нинг афсонавий футболчиси Ўзбекистонга ташриф буюради

Дата: 14:51, 02-11-2017.

Тошкент. 2 ноябр. ЎзТАГ – 9 ноябрда жаҳон футболи афсонаси, “Барселона”нинг собиқ ҳимоячиси, жаҳон ва Европа чемпиони Карлес Пуйоль Тошкентга ташриф буюради, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Пуйолнинг Ўзбекистонга расмий ташрифи шахсан ФИФА президенти Жанни Инфантино томонидан уюштирилаётган бўлиб, футболни янада ривожлантириш ва оммавийлигини ошириш мақсадида ташкил этилмоқда. Карлес Пуйоль ташрифи давомида Ўзбекистондаги футбол академиялари ва болалар футбол мактаблари билан яқиндан танишади ҳамда у ерда футбол сир-асрорларини ўрганаётган ёш футболчилар учун мастер-класслар ўтказиб беради.

Бундан ташқари, Карлес Пуйоль ўзбек футболи билан яқиндан танишиш мақсадида Олий лига 28-тур доирасида бўлиб ўтадиган “Пахтакор” ва “Олмалиқ” жамоалари ўртасидаги ўйинни томоша қилади.

Карлес Пуйоль каби футбол юлдузларининг ташрифи Ўзбекистонда футболнинг оммалашувига кўмаклашади ҳамда ёшларни ушбу спорт турига жалб қилади”, - деб таъкидланади ЎФФ хабарида.

Сентябрда Ўзбекистон футбол федерацияси президенти Умид Аҳмаджонов Швейцариянинг Цюрих шаҳрида ФИФА президенти Жанни Инфантино билан учрашган эди. Учрашув давомида Аҳмаджонов Ўзбекистон делегацияси футбол тарғиботини кучайтириш мақсадида ФИФАдан дунё футболининг ёрқин афсоналари ва бугунги кун юлдузларини Ўзбекистондаги ёш футболчиларга мастер-класс ўтаб бериши учун таклиф қилишда ФИФАнинг амалий ёрдам беришини сўраган эди.

Ўз навбатида, ФИФА президенти Жанни Инфантино федерация томонидан мамлакатда футбол ривожини янги босқичга олиб чиқиш борасида амалга оширилаётган ишларни юқори баҳолаб, жаҳон футболи юлдузларини Ўзбекистонга юборишда амалий ёрдам беришни ваъда қилган эди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: