Июлда Тошкентда ўзбек-герман савдо уйи очилади

Дата: 17:53, 29-06-2018.

Тошкент. 29 июн. ЎзТАГ – Жорий йилнинг июлида Тошкентда ўзбек-герман савдо уйи очилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) ONS Frankfurt GmbH ширкати (Германия) маълумотларига таянган ҳолда.

Савдо уйи Ўзбекистон ва Европа иттифоқи мамлакатлари ўртасида экспорт-импорт операциялари учун савдо майдончасига айланиши кутилмоқда. Лойиҳа Ўзбекистон иқтисодиётига инвесторлар ва технологияларни жалб қилиш учун платформа бўлиб хизмат қилади.

Савдо уйи орқали Ўзбекистонга ЕИ мамлакатлари ускуналари ва илғор технологиялари билан таъминлаш, ускуналарни излаш, шартнома тузиш, ишлаб чиқаришни текшириш, логистика, суғурта, божхонадан олиб ўтиш, фойдаланишга топшириш, кафолат ва кафолатдан кейинги хизмат, ўқув курсларини ташкил этиш, молия институтларини жалб этган ҳолда лойиҳани молиялаштиришда ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш режалаштирилмоқда.

Ўз навбатида, Ўзбекистондан Евроиттифоқи мамлакатларига тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги (мева, сабзавот, қуруқ мевалар, зираворлар, кўкатлар ва ҳ.к.), алкоголь маҳсулотлари (вино, ароқ, коньяк ва уларнинг концентратлари), фармацевтика маҳсулотлари (тоғ ўсимликлари, илон заҳри, қизилмия илдизи), нефть саноати маҳсулотлари, шунингдек, ЕИ борида талабгир бошқа маҳсулотларни экспорт қилинади.

Эслатиб ўтамизки, Германия Ўзбекистоннинг Европадаги асосий савдо-иқтисодий ҳамкорларидан бири ҳисобланади. 2017 йил якунлари бўйича ўзбек-герман товар алмашинуви ҳажми $613,2 млнни ташкил этган.

Сурат манбаи: https://korrespondent.uz/7767

Янгилик билан ўртоқлашиш: