КазТАГ ахборот ленталарининг қозоқ ва инглиз тилларидаги версияларидан бепул фойдаланиш мумкин

Дата: 16:36, 13-10-2014.

Тошкент. 13 октябр. ЎзТАГ – Эндиликда КазТАГ Халқаро ахборот агентлигининг қозоқ ва инглиз тилларидаги версияларидан бепул фойдаланиш мумкин.

Бунга қадар ушбу тиллардаги ахборотлар обуначиларга пулли асосда тақдим этилаётган эди. Эндиликда www.kaztag.kz/kz/ ва www.kaztag.kz/en/ сайтининг барча ўқувчилари янгиликларни текинга ўқишлари мумкин. Бунга таҳририятга газеталар, хусусан, Қозоғистон туман марказларидан бюджет маблағлари етишмаслиги сабабли қозоқ тилидаги янгиликларни текин олиш ҳақидаги кўплаб илтимослар сабаб бўлди.

Ушбу илтимосларни ҳисобга олган ҳолда, шунингек, инглиз версияси хорижий ўқувчиларга мўлжалланганлигини ҳисобга олган ҳолда, қозоқ ва инглиз тилларидаги версиялардан эркин фойдаланиш имкониятини яратишга қарор қилинди.

Шунингдек, КазТАГ Қозоғистон ахборот агентликлари орасида биринчи бўлиб рус тилидаги ёпиқ янгиликларни Visa, MasterCard ва Maestro тўлов тизимлари ёрдамида дунёнинг исталган еридан сотиб олиш имкониятини ҳам йўлга қўйди.

Эслатиб ўтамизки, КазТАГ ҳудуд мамлакатлари журналистлари томонидан ташкил этилган етти янгиликлар агентликларидан биридир. КирТАГ, ТожикТА, АфТАГ, ЎзТАГ, ИрТАГ ва Silkroadnews агентликлари обуначиларга ҳар куни Марказий Осиё, Афғонистон ва Эрон мамлакатлари ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ҳаётига доир янгиликларни пайдар-пай етказиб берадилар.

Янгилик билан ўртоқлашиш: