“Korea Eximbank” экспорт-импорт банки Ўзмиллийбанкка $150 млнлик заём беради

Дата: 17:30, 29-11-2017.

Тошкент. 29 ноябр. ЎзТАГ – “Korea Eximbank” экспорт-импорт банки Ўзмиллийбанкка $150 млнлик заём тақдим этади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Заём келишуви Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Корея Республикасига давлат ташрифи доирасида имзоланган.

“Келишув билан кичик бизнес лойиҳаларини, шунингдек, Жанубий Кореяда ишлаб чиқарилган ускуналар, товарлар ва хизматлар харид қилишни назарда тутувчи инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун револверли кредит линиясини тақдим этиш назарда тутилган. Кредит линияси ҳисобидан қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, тиббиёт, қурилиш материллари, автосаноат ва бошқа соҳалардаги лойиҳалар молиялаштирилади”, - дейилади Ўзмиллийбанк матбуот хизмати хабарида.

Таъкидланишича, заём келишуви “кафолатланмаган”, яъни ҳукумат кафолати тақдим этилишини назарда тутмайди.

Ўз навбатида, ўзбек ишбилармонлари жанубий кореялик шериклар билан ҳамкорликни кенгайтиришга катта манфаатдорлик билдиришмоқда. “Хусусан, бугунги кунда Ўзмиллийбанкнинг 200дан ортиқ мижозлари – тадбиркорлик субъектлари Жанубий Кореядан юқори технологияли ускуналар харид қилишни, жумладан ўз маблағлари ҳисобидан, қўшма корхоналарни ташкил этиш йўли билан, инвестициялар ҳамда корейс банкларидан кредитларини жалб этган ҳолда, умумий миқдори тахминан $800 млн. бўлган лойиҳаларни амалга оширишга тайёр эканликларини билдирдилар”, - дейилади хабарда.

 Кейинроқ, 27 ноябрда Ўзмиллийбанк сайтида банк Жанубий Кореядан товарлар, ускуна ва хизматлар сотиб олиш учун 7 йилга Korea Eximbank (KEXIM) кредитларини тақдим этиши ҳақида хабар пайдо бўлди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: