Мирзиёев Анқарага етиб келди

Дата: 15:52, 25-10-2017.

Тошкент. 25 октябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Анқарага етиб келди, деб хабар беради “Анадолу” турк ахборот агентлиги.

“Анқара шаҳридаги “Эсонбуға” халқаро аэропортида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни Туркия Республикаси Бош вазири ўринбосари Бекир Боздағ ва бошқа расмий шахслар кутиб олди”, - дейилади чоршанба кунги хабарда.

Шавкат Мирзиёев ташриф доирасида Анқарадаги давлат раҳбари қароргоҳида президент Режеп Таййип Эрдўғон билан музокаралар ўтказади.

Аввал хабар қилинганидек, олий даражадаги музокаралар чоғида Ўзбекистон ва Туркия ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади, минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашилади.

Ўзбекистон делегациясининг Истанбул шаҳрига ташриф буюради.

Музокаралар якунлари бўйича давлат раҳбарларининг Қўшма баёноти қабул қилиниши, Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, ишбилармон доиралар ўртасида ўзаро манфаатли алоқалар учун қулай шароитлар яратиш, сайёҳлар алмашинуви ва маданий-гуманитар алоқаларни фаоллаштиришга қаратилган кўплаб ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: