Немис компаниялари Ўзбекистонга шамол қувватидан оқилона фойдаланишда кўмак беради

Дата: 20:57, 10-06-2014.

Тошкент. 10 июн. ЎзТАГ – Intec-GOPA ва GEO-NET немис консалтинг компаниялари "Ўзбекэнерго" ДАКга шамол қувватидан оқилона фойдаланишда кўмак беради, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Бу ҳақидаги маълумот Ўзбекистон Экологик порталида жойлаштирилган.
Шунингдек, немис компаниялари шу соҳага оид дастлабги техник иқтисодий асосномани ҳам ишлаб чиқадилар ва унда мазкур йўналишдаги миллий ва халқаро талабларни ҳисобга оладилар.
GEO-NET вакилларининг сўзларига кўра, компания "Ўзбекэнерго" ДАКга ўз маълумотларини тақдим қилади ва томонлар тўлиқ метеорологик тадқиқотлар ўтказиладиган икки тажриба ҳудудини танлаб оладилар. Тадқиқотлар 2014 йил ёз ойида бошланиб, 2015 йил ўрталаригача давом этади. Немис компанияси 6 ой давомида олинган натижаларни таҳлил қилади. Дастлабги баҳоларга кўра, шамолдан электр қуввати олиш қурилмалари Қорақалпоғистон ва Навоий вилоятларида қурилиши мумкин.
Бундан илгари "Ўзбекэнерго" ДАК 2020 йилга қадар мамлакатда қиймати $200 млн. атрофида бўлган шамолдан электр қуввати олиш паркини қуришни режалаштираётганлиги хабар қилинган эди. Ўрнатиладиган қурилмалар истиқболли ҳудудларда 50 Мвтдан 100 МВтгача электр қуввати ишлаб чиқариши мумкин бўлади.
Шамолдан электр қуввати олиш қурилмалари ўрнатиш учун энг қулай ҳудудлар сирасига Ўзбекистоннинг Бухоро, Навоий, Қашқадарё ва Тошкент вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси киради.

Янгилик билан ўртоқлашиш: