Қорақалпоғистонда Халқаро Оролбўйи инновация маркази яратилади

Дата: 14:35, 17-10-2018.

Тошкент. 17 октябр. ЎзТАГ – Қорақалпоғистонда Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Халқаро Оролбўйи инновация маркази яратилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Қурғоқчилик шароитида биодеҳқончилик халқаро маркази (ICBA) ўртасидаги меморандум билан кўзда тутилган.

Ҳужжат Самарқандда бўлиб ўтаётган “Орол денгизи ҳавзасида турғун бошқарув ва ижтимоий барқарорликни илгари суриш учун инновацион ёндошувлар” мавзусидаги Халқаро форумининг 16 октябрдаги илк иш кунида имзоланди.

Меморандумни Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов ва ICBA директори Исмахон Элуафи имзолади.

Вазирликдан маълум қилишларича, меморандумнинг мақсади – Ўзбекистонда Орол бўйи ҳавзаси Халқаро инновация марказини яратиш масаласида бўлажак муҳокамалар учун асос яратишдан иборат.

Марказ Нукус шаҳрида (Қорақалпоғистон) жойлашиб, қурғоқчилик шароитида тадқиқотлар, технологиялар трансфери ва таълим соҳасидаги илғор инновация марказига айланади. 

ICBA Марказнинг техник-иқтисодий асослашни қўллаб-қувватлаш жараёнини бошқаради.

И. Абдураҳмоновнинг таъкидлашича, марказ билан биргаликда Оролбўйида инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳам ташкил этилмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: