Пекинда ШҲТ аъзо давлатлар миллий координаторлари кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди

Дата: 21:55, 05-02-2016.

Тошкент. 5 феврал. ЎзТАГ – 2-5-феврал кунлари Пекин шаҳрида Ўзбекистон томони раислигида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Миллий координаторлари кенгашининг (МКК) навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди, деб хабар қилади Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати.

“Учрашув давомида Қирғизистон, Қозоғистон, Россия, Тожикистон, Хитой ва Ўзбекистон делегациялари Ўзбекистон Республикасининг ташкилотга раислиги доирасида режалаштирилган ШҲТ низомий органлари тадбирларига тайёргарликнинг боришини кўриб чиқишди”, - дейилади жума куни эълон қилинган хабарда.

Шунингдек, Тошкентда бўлиб ўтадиган Давлат раҳбарлари кенгаши ва Ташқи ишлар вазирлари кенгаши мажлислари, Хавфсизлик кенгашлари котиблари учрашуви ва бошқа тадбирлар давомида имзолашга киритиладиган ҳужжатлар лойиҳалари юзасидан фикр алмашилгани ҳам айтиб ўтилган.

“Уфа шаҳридаги саммит қарорларини амалга ошириш билан боғлиқ масалалар, шу жумладан ШҲТнинг кенгайиши масалалари муҳокама қилинди. ШҲТга аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги 2016-йилга мўлжалланган Ҳамкорлик дастури тасдиқланди”, - дейилади хабарда.

Бундан ташқари, миллий координаторлар ташкилотнинг жорий фаолиятига оид бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқишди.

МКК мажлисида ШҲТ Бош котиби Рашид Алимов ва ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси Директори Евгений Сисоев ҳам иштирок этишди.

Эслатиб ўтамизки, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) 2001 йилда ташкил қилинган минтақавий халқаро ташкилотдир. Унга Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон киради. Беларусь, Монголия, Эрон, Покистон, Ҳиндистон ва Афғонистон ташкилотда кузатувчи мақомига эга. 2015 йилнинг 10 июлида ШҲТга Ҳиндистон ва Покистонни қабул қилиш бўйича ҳаракатлар бошланди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: