Президентликка номзод Акмал Саидов Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти сайловчилари билан учрашди

Дата: 13:00, 18-02-2015.

Тошкент. 18 феврал. ЎзТАГ – Куни-кеча Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Акмал Саидов Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти сайловчилари билан учрашди, деб хабар беради Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги.

Президентликка номзод ўз дастурида Ўзбекистон халқининг миллий-маданий ва маънавий-ахлоқий қадриятлари, урф-одатларини сақлаш ва бойитишга алоҳида эътибор қаратилган. Айниқса, маҳалла миллий демократик институтини янада такомиллаштириш, унинг ташкилий ва иқтисодий асосларини мустаҳкамлаш, фуқароларнинг маҳаллий аҳамиятга эга бўлган масалаларни ҳал этишда ҳамда миллий-маънавий қадриятлар, урф-одат ва анъаналарни қайта тиклаш ва бойитишдаги бевосита иштирокини кучайтириш юзасидан бир қатор устувор вазифалар белгиланган. Айни пайтда миллий бозорни сифати паст, халқаро андозаларга мос келмайдиган маҳсулотлардан (ишлар, хизматлар) муҳофаза қилиш, қулай ва жозибадор сармоя муҳитини шакллантиришнинг ҳуқуқий асосларини кучайтириш ҳам дастурдан ўрин олган.

Шу куннинг ўзида А.Саидов Тошкент вилояти сайловчилари билан ҳам учрашди.

Номзод сайловолди дастури билан таништирар экан, миллий ўзликни англаш, миллий ғурур ва қадр-қиммат туйғусини мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

Хусусан, ёшлар онгини халқимизга ёт бўлган “оммавий маданият”нинг салбий таъсиридан муҳофаза қилиш, уларни миллий тикланиш ғояси, миллий маданият ва қадриятларни эъзозлаш, камол топиб келаётган авлодни китобга муҳаббат ва ҳурмат-эҳтиром руҳида тарбиялаш дастурда етакчи ўрин эгаллаганини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, номзоднинг дастурида “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” тамғаси остида жаҳон бозорига маҳсулот етказиб беришга йўналтирилган тизимли чора-тадбирларни қабул қилиш, ишлаб чиқаришни техник ва технологик модернизация қилиш вазифалари белгиланган, деб хабар қилади агентлик.

Янгилик билан ўртоқлашиш: