Путин Ўзбекистонга расмий ташриф билан келди

Дата: 09:25, 19-10-2018.

Тошкент. 19 октябр. ЎзТАГ – Россия президенти Владимир Путин президент Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни давлатимиз раҳбари кутиб олди. Президентлар шу ерда қисқа суҳбат ўтказди”, - дейилади Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг хабарида.

Ташрифнинг асосий тадбирлари 19 октябр кунига белгиланган.

Қайд этилишича, Ш. Мирзиёев ва В. Путин стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатли ҳамкорлик доирасида янги қўшма лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш истиқболларини муҳокама қилади, халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик масалалар юзасидан фикр алмашади.

“Ташриф якунида давлат раҳбарларининг Қўшма баёноти қабул қилиниши, йигирмата ҳужжат имзоланиши режалаштирилган. Шунингдек, Ўзбекистон ва Россиянинг етакчи компаниялари ҳамда саноат корхоналари ўртасида йирик инвестиция ва савдо шартномалари имзоланиши кўзда тутилган”, - деб хулоса қилинади хабарга.

Эслатиб ўтамизки, ташриф доирасида Тошкентда Ўзбекистон ва Россия президентларининг учрашуви ва минтақалараро ҳамкорлик бўйича биринчи россия-ўзбек форуми бўлиб ўтади.

Сурат манбаи: http://www.press-service.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: