Россия президентининг Ўзбекистонга ташрифи давомида қатор иккитомонлама ҳужжатларни имзолаш режалаштирилмоқда

Дата: 12:43, 17-10-2018.

Тошкент. 17 октябр. ЎзТАГ – Россия президенти Владимир Путиннинг Ўзбекистонга 18-19 октябр кунлари бўлиб ўтадиган ташрифи давомида қатор иккитомонлама ҳужжатларни имзолаш режалаштирилмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Олий даражадаги музокаралар якунида давлат раҳбарларининг Қўшма баёнотини қабул қилиш, 2019-2024 йилларга мўлжалланган иқтисодий ҳамкорлик дастури, 2019-2021 йилларда маданий-гуманитар соҳада ҳамкорлик дастури, Ўзбекистонда Россиянинг етакчи олий таълим муассасаларининг филиалларини ташкил этиш ва фаолиятини таъминлаш тўғрисидаги келишув, “Суффа” халқаро радиоастрономик обсерваториясини ташкил этиш бўйича “Йўл харитаси” ва бошқа муҳим икки томонлама ҳужжатларни имзолаш режалаштирилган”, - дейилади Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг хабарида.

Маҳаллий ОАВ маълумотларига кўра, имзоланадиган ҳужжатлар тўпламининг қиймати $20 млрдга тенг.

Давлат раҳбарлари мунтазамлик касб этган сиёсий мулоқотнинг давоми сифатида Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик ҳолати юзасидан фикр алмашадилар. Стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатли алоқаларни кенгайтириш, турли соҳаларда янги қўшма лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинади.

Шундан кейин маълум қилинишича, ташриф кун тартибидан долзарб халқаро масалалар, жумладан, минтақада барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш, Афғонистонда тинчлик ўрнатиш жараёнига кўмаклашиш масалалари ҳам ўрин олган.

Россия Федерацияси Президентининг Ўзбекистон Республикасига давлат ташрифи доирасида илк бор Таълим форуми ва “Ўзбекистон-Россия” ҳудудлараро ҳамкорлик форуми ўтказилиши, шунингдек, мамлакатимизда атом электр станцияси қурилишининг бошланишига бағишланган маросим ҳам ўтказилиши таъкидланган.

Шунингдек, ташриф давомида, Ўзбекистон билан Россия ҳудудлари ва ишбилармон доиралари ўртасида йирик инвестиция ва савдо шартномалари имзоланиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2017 йилда Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айланмаси 2016 йил билан солиштирганда деярли 34% ўсиб, $3,65 млрдга етди. У 2018 йилда ҳам 30% кўпга ўсади, бу эса МДҲ мамлакатлари орасида энг юқори кўрсаткичлардан биридир. Мамлакатлар яқин йилларда ўзаро савдо ҳажмини $10 млрдга етказиш ниятидалар.

Сурат манбаи: http://www.press-service.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: