Шавкат Мирзиеёв жорий йил охиригача Жанубий Кореяга ташриф буюради

Дата: 14:10, 04-07-2017.

Тошкент. 4 июл. ЎзТАГ – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиеёв Сеул мэри Пак Вон Сун блан музокаралар ўтказди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Сеул шаҳри мэри Президентга Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Иннинг ушбу мамлакатга жорий йил давомида давлат ташрифи билан бориш таклифини шахсан топшириш учун Тошкентга келган”, - деб таъкидлашди давлат раҳбарининг матбуот хизматида.

Шавкат Мирзиёев таклифни мамнуният билан қабул қилар экан, бугун Ўзбекистон билан Жанубий Кореяни дўстлик ришталари, ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва стратегик шериклик муносабатлари мустаҳкам боғлаб турганини алоҳида таъкидлади. Учрашувда бугун қабул қилинган “Йўл харитаси”га мувофиқ биродарлашган шаҳарлар – икки давлат пойтахтлари Тошкент ва Сеул ўртасида амалий ҳамкорликни ривожлантириш масалалари ҳам муҳокама этилди.

Замонавий технологияларни кенг қўллаш асосида шаҳарни бошқариш, транспорт тизими ва уй-жой коммунал хўжалигини ривожлантириш бўйича самарали тизимни ташкил этиш соҳасида Жанубий Кореянинг илғор тажрибасидан фойдаланиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Шаҳарсозлик, архитектура ва ландшафт дизайни соҳаларида ўзаро фаол ҳамкорлик қилиш муҳимлиги қайд этилди.

Шунингдек, икки давлат пойтахтлари ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг истиқболли лойиҳа ва дастурларини тайёрлаш ва амалга ошириш мақсадида мунтазам ташрифлар алмашиш тўғрисида келишувга эришилди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: