Шавкат Мирзиёев Қозоғистонга давлат ташрифи билан жўнаб кетди

Дата: 17:31, 22-03-2017.

Тошкент. 22 март. ЎзТАГ – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистонга давлат ташрифи билан жўнаб кетди, деб хабар беради республика Миллий ахборот агентлиги (ЎзА).

“Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоевнинг таклифига биноан 22 март куни давлат ташрифи билан Остона шаҳрига жўнаб кетди”, - дейилади чоршанба куни тарқатилган хабарда. 

Олдин хабар берилгани каби, олий даражадаги учрашув ва музокараларда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинади, минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашилади. 

Ташриф доирасида Остона шаҳрида Ўзбекистон Миллий саноат кўргазмаси, икки мамлакат ишбилармон доираларининг нуфузли делегациялари иштирокида бизнес-форум ўтказилиши ҳам кўзда тутилган. 

Ўзбекистон Президентининг музокаралари якунлари бўйича давлатлараро, ҳукуматлараро ва идоралараро қатор муҳим ҳужжатлар, Ўзбекистон – Қозоғистон ҳамкорлигини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга қаратилган салмоқли шартномалар имзоланиши режалаштирилган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: