Сирдарёнинг Янгиер шаҳридаги машина устахонаси “Лада-Ларгус” ва “Эпика” автомобиллари билан бирга ёниб кетди

Дата: 15:21, 14-12-2017.

Тошкент. 14 декабр. ЎзТАГ – Сирдарё вилоятининг Янгиер шаҳрида “Шерали” МЧЖга тегишли автомобилларга техник хизмат кўрсатиш устахонаси ва автомобиль ювиш жойи ёниб кетди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ёнғин натижасида устахонанинг 84 кв метр майдонда томи, шифт қисми ва жиҳозлари, шунингдек, устахонадаги “Лада-Ларгус” ва “Эпика” автомобиллари ёниб кетган. Тан жароҳати олганлар йўқ. Ёнғин ҳолати юзасидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда. Ёнғин сабаби аниқланмоқда”, - дейилади Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси матбуот хизмати хабарида.

Шунингдек, Бухоро шаҳрида яшовчи фуқаро М.С.нинг уйида электр симларнинг қисқа туташуви натижасида ёнғин содир бўлган. “Ёнғин оқибатида уйнинг 75 кв метр майдонда томи, шифт қисми ва уй жиҳозлари ёниб зарарланган. Ёнғин ўчириш вақтида уй эгаси М.С. ва унинг турмуш ўртоғи С.С ларнинг тутундан димиққан ҳолдаги жасадлари топилган”, - дейилади хабарда.

Бундан ташқари, Андижон вилояти Шаҳрихон туманида жойлашган “Андижон пласт” МЧЖга тегишли ип ишлаб чиқариш цехида ёнғин содир бўлиб, цехнинг 110 кв метр майдонда томи, шифти ва ички қисми ёниб зарарланган. Тан жароҳати олганлар йўқ. Ёнғин ҳолати юзасидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда. Ёнғин сабаби аниқланмоқда”, - деб таъкидланади хабарда.

Шу билан бирга, Наманган шаҳрида жойлашган “Секунд” МЧЖга тегишли тайёр маҳсулотларга бўёқ сепиш цехининг ишчилар хонасида электр иситиш мосламасининг носозлиги натижасида ёнғин келиб чиққан. “Ёнғин оқибатида хонанинг 15 кв метр майдонда шифт қисми ёниб зарарланган ҳамда фуқаро С.Д. куйиш тан жароҳати олиб шифохонага жойлаштирилган”, - деб хулоса қилинади Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси матбуот хизмати хабарида.

Сурат манбаи: https://news.rambler.ru/fire/36769609-pozhar-na-territorii-stroitelnoy-kompanii-proizoshel-v-tashkente/

Янгилик билан ўртоқлашиш: