Термизда Афғонистоннинг бош консуллиги очилди

Дата: 10:26, 17-10-2018.

Тошкент. 17 октябр. ЎзТАГ – 16 октябр куни Сурхандарё виоятининг Термиз шаҳрида Афғонистоннинг бош консуллиги очилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).   

Унинг расмий очилиш маросими Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича Махсус вакили Исматулла Иргашевнинг Термиз шаҳрида мамлакатимизга амалий ташриф билан келган Афғонистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Насир Аҳмад Андиша билан учрашуви доирасида бўлиб ўтди.

“Томонлар суҳбатда олий даражадаги ўзбек-афғон учрашувлари доирасида эришилган келишувларни рўёбга чиқаришнинг амалий жиҳатлари ҳамда икки томон кун тартибининг жорий масалалари муҳокама қилинди, минтақавий муаммолар бўйича фикр алмашилди”, - дейилади Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматининг хабарида.

Н.А. Андиша Афғонистон раҳбарияти номидан мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши йўлида кўрсатилаётган кўмак ҳамда Термиз шаҳридаги Афғонистон Бош консулхонасини ташкил этиш билан боғлиқ масалалар тезкор ҳал қилиб берилгани учун Ўзбекистон томонига самимий миннатдорчилик изҳор этди.

“Тадбирларда Афғонистон Элчиси Сайид Шаҳобиддин Тимурий иштирок этди”, - деб хулоса қилинади хабарга.

 

Сурат манбаи: http://www.fergananews.com

Янгилик билан ўртоқлашиш: