Тошкент маъмурияти шаҳар аҳолиси дарахтларнинг ноқонуний кесилишига қандай муносабатда бўлиш зарурлигиги билдирди

Дата: 17:23, 25-07-2018.

Тошкент. 25 июл. ЎзТАГ – Тошкент маъмурияти шаҳар аҳолиси дарахтларнинг ноқонуний кесилишига қандай муносабатда бўлиш зарурлигиги билдирди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Маълумки, дарахтларнинг кесиб ташланиши – кўпчиликни ташвишга солаётган мавзу. Боиси – инсонга болалигидан табиатга муҳаббат сингдириб келинади. Шундан келиб чиқиб, Тошкент шаҳар ҳокимияти тегишли органлардан дарахтларнинг ноқонуний кесилишига қандай муносабатда бўлиш зарурлигини сўради. Кесишни амалга ошираётган ишчиларда рухсат берувчи далолатнома бўлиши, ҳужжатда кесишга рухсат берилган аниқ манзил кўрсатилган бўлиши керак, мазкур рухсат берувчи далолатнома Тошкент вилояти Экология биоинспекцияси томонидан тузилган бўлиши ва туман ҳокими имзосига эга бўлиши зарур”, - дейилади Тошкент шаҳар ҳокимияти матбуот хизматининг хабарида.

Шунингдек, кесиш ишларини амалга ошираётган ишчилар далолатноманинг нусхасини тақдим этишлари мумкин. Кесиш ишларини амалга ошираётган ширкат раҳбарияти далолатноманинг аслини тақдим қилади. Ушбу далолатнома мавжуд бўлмаган ҳолда албатта 102 рақамига қўнғироқ қилиш ва қонунбузарлик ҳақида хабар қилиш лозим. Ушбу далолатнома мавжуд бўлган ҳолда эса +99871 2683686 рақамига (Тошкент вилояти бўйича Биоинспекция) қўнғироқ қилиш ва ушбу манзил бўйича кесиш рўйхатга олинган-олинмаганини текшириш зарур. Агар рўйхатга олинмаган бўлса – 102 рақамига қўнғироқ қилиш керак.

“Шунингдек, дарахтларнинг ён шохларини кесишда махсус рухсат бўлиши шарт эмаслигини ҳам айтиб ўтиш зарур. Касалланган ва қуруқ дарахтларни кесиш Биоинспекция ва туман ҳокимининг рухсати билан бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида амалга оширилади”, - деб хулоса қилинади хабарда.

Сурат манбаи: https://www.xabar.uz/uz/jamiyat/toshkent-shahar-hokimi-daraxtlar-kesilishiga-3-kun-ichida

Янгилик билан ўртоқлашиш: