Тошкентда олтинчи Европа киноси фестивали бўлиб ўтади

Дата: 16:02, 21-05-2018.

Тошкент. 21 май. ЎзТАГ – 25-30 май кунлари Алишер Навоий номидаги кино саройида “Ўзбеккино” Миллий агентлиги томонидан Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги Делегацияси билан ҳамкорликда ташкил этилган 6-Европа киноси фестивали бўлиб ўтади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу сафар томошабинларларга Германия, Латвия, Руминия, Словения, Швейцария, Финляндия, Франция, Чехия, Венгрия ва Бельгияда яратилган 12 фильм намойиш этилади.

“Фестивални швейцариянинг “Севгидаги телбалик” (Madly in love, 2010) романтик мусиқий комедияси очиб беради. Унда Швейцарияда истиқомат қилувчи Шри Ланкалик бир ёш йигитнинг шу ерда яшовчи аёлни севиб қолиши билан боғлиқ кулгили воқеалар ҳикоя қилинади”, - дейилади Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги Делегацияси матбуот хизмати хабарида.

Таъкидлаш лозимки, фестивалда оилавий кўриш учун тавсия этиладиган тўртта фильм ҳам тақдим этилган. Булар “У баскетболчи бўлсин” (Словения, 2017), “Компьютердан хавфлироқ бува” (Латвия, 2017) “Бубул” (Швейцария / Белгия, 2014), “Қўлбола” (Руминия, 2012) каби фильмлардир.

“Агар сиз ҳаёт ҳақида фикр юритиш, мамлакат тарихи билан бирга болаликни ёдга олишни истисангиз, сизга “Онам ва бошқа телба қариндошлар”, (Венгрия, 2015), болалик билан хайрлашув ҳақидаги “Ёзги вақт” (Франция, 2008) мелодрамаси, “Эмма учун эртаклар” романтик комедияси (Чехия, 2016), “Имкониятлар чегарасида” жиноий драмаси (Германия, 2017) ва “Пауза” (Швейцария/Германия, 2014) фантастик фильмлари мунтазир”, - деб таъкидланади хабарда.

Фестивалда иккита ҳужжатли филм ҳам намойиш этилади. “Тўртта унсур” фильми (Финляндия, 2017) - беш ноёб қахрамонлар саргузаштлари ортидан Ер, Ҳаво, Сув ва Олов орқали саёҳатга чорлайди. Шу билан бир қаторда, уларнинг дастлабки элементлар билан ўзаро муносабатлари ҳаётнинг асосий қадриятлари: дўстлик, жасорат, қийинчиликлардан ҳаяжон ва шахсий чегараларни енгиб ўтиш кабиларни очиб беради.

“Эртага” ҳужжатли фильми (Франция, 2015) – бу суратга олиш гуруҳининг 10 мамлакат (Франция, Дания, Финляндия, Бельгия, Ҳиндистон, Буюк Британия, АҚШ, Швейцария, Швеция, Исландия) бўйлаб саёҳатидан иборат. Экспедиция қишлоқ хўжалиги, энергетика, иқтисодиёт, демократия, таълим соҳасидаги мутахассислар билан учрашади. Турли ва фаолият юритаётган лойиҳаларни бирга жамлаган киноижодкорлар келажак жамияти қандай бўлиши мумкинлиги ҳақида тасаввурга эга бўладилар”, - дейилади хабарда.

Фестивалда намойиш этилувчи барча фильмлар рус тилидаги субтитр билан бирга оригинал тилида трансляция қилинади. Анъанага кўра, барча намойишлар бепул.

Сурат манбаи: https://www.gazeta.uz/ru/2015/05/14/eu/

Янгилик билан ўртоқлашиш: