Тошкент туристик кўргазмасининг улкан сурат безайди

Дата: 10:30, 07-06-2014.

Тошкент. 7 июн. ЎзТАГ – 2014 йилнинг октябрида “Ипак йўлидаги туризм” Тошкент Халқаро туристик ярмаркаси бўлиб ўтади. Бу йили кўргазмани таниқли рассом Леким Ибрагимовнинг “Минг фаришта ва битта сурат” номли асари безайди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Ўзбектуризм”дан хабар беришларича, 20-маротаба ўтказилаётган кўргазма бу йили 7-9 октябрь кунлари ўтказилади ва Тошкентда туризм соҳаси мутахассислари ҳамда санъат ихлосмандларини ҳам йиғади.
“Ўзбектуризм” МК ва рассом Леким Ибрагимовнинг қўшма лойиҳаси орқали юбилей кўргазмага ташриф буюрувчилар мўйқалам устасининг бутун дунёда яхши маълум бўлган мега-сурати билан танишиш имкониятига ҳам эга бўладилар. Сурат мингта алоҳида расмлардан ташкил топган бўлиб, уларнинг ҳар бирида фаришта тасвирланган.
Суратнинг баландлиги 8 м, узунлиги 66 м, майдони эса 528 кв. мга тенг.
Қайд этиш керакки, ушбу сурат ғояси рассомда 10 йил олдин туғилган, уни яратишга эса 3 йил кетган.
“Ипак йўлидаги туризм” кўргазмаси Ўзбекистондаги энг таниқли туристик тадбирдир. Ўтган йили уни 10 мингдан зиёд киши келиб кўрди. Бу йили кўргазманинг ҳамкор мамлакати Туркия Республикасидир.

Янгилик билан ўртоқлашиш: