Тошкент ва Вашингтон ўртасидаги шартномалар АҚШда 10 минг иш ўрнини сақлаб қолишга имкон беради

Дата: 13:59, 17-05-2018.

Тошкент. 17 май. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга расмий ташрифи доирасидаги Тошкент ва Вашингтон ўртасидаги шартномалар АҚШда 10 минг иш ўрнини сақлаб қолишга имкон беради, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Президент Ш.Мирзиёев ва Президент Д.Трамп ўзаро савдо ҳажмини ошириш ва ҳар икки мамлакатда иш ўринларини яратишга кўмаклашадиган иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш имкониятларини ўрганишга қатъий тайёр эканликларини таъкидладилар. Президент Ш.Мирзиёев Ўзбекистонда ошкоралик ва ҳисобдорлик халқаро стандартларини жорий қилиш ва қонун устуворлигини таъминлаш орқали тадбиркорлик учун қулай шароитлар яратиш ҳамда АҚШ компаниялари ва инвесторларига мамлакат бозорига кириш имкониятини тақдим қилишга тайёр эканлигини билдирди”, - дейилади давлат раҳбари матбуот хизматининг хабарида.

“Давлат раҳбарлари, шу жумладан, қишлоқ хўжалиги, энергетика, кимё, молия, туризм, тўқимачилик саноати, соғлиқни сақлаш ва рақамли технологиялар соҳаларида янада яқинроқ ҳамкорлик қилиш учун мавжуд имкониятларни ўрганишга келишиб олдилар. “Ташриф давомида Ўзбекистон ва АҚШ компаниялари ўртасида 20 дан ортиқ йирик шартномалар имзоланганлиги ва улар ҳаётга тўлақонли татбиқ қилинган тақдирда, $4,8 миллиард миқдорида баҳоланиши ва АҚШда 10 минг иш ўринларини сақлаб қолиши ҳамда келгусида бир неча миллиард доллар миқдоридаги шартномалар учун имкониятлар яратиши мумкинлиги эътироф этилди”, - дейилади хабарда.

Д.Трамп Президент Ш.Мирзиёевнинг ислоҳотлар дастурини қўллаб-қувватлади ва Ўзбекистоннинг иқтисодий лидер сифатида ўсиб бораётган ролини эътироф этди. У жорий йилда мамлакатда Марказий Осиё савдо форумини ва Марказий Осиё давлатлари билан АҚШ ўртасида савдо ва инвестицияларга оид ҳадли Битим бўйича Кенгаш йиғилишини ўтказишга доир Ўзбекистон таклифи бундан далолат беришини таъкидлади.

Президент Ш.Мирзиёев Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишга интилаётганини қайд этди, Президент Д.Трамп Ўзбекистон ўз савдо режимини ташкилот нормаларига мувофиқ либераллаштириш бўйича кун тартибидаги ислоҳотларни амалга оширгани сайин АҚШ унга техник кўмак кўрсатишини таъкидлади.

Ўзбекистон Фонограмма ишлаб чиқарувчилар манфаатларини, уларнинг фонограммаларини қонунсиз ишлаб чиқаришдан ҳимоя қилиш тўғрисида Женева конвенцияси ва Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилотининг интернет бўйича шартномаларига қўшилиш орқали интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилишга содиқ эканлигини билдирди. Ушбу ташаббусларни амалга ошириш икки томонлама савдо, иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича янги имкониятларни очиш учун мустаҳкам асос яратишга хизмат қилиши қайд этилди.

Сурат манбаи: http://seminaryalabama123.cf/c2974.php

Янгилик билан ўртоқлашиш: