Тошкентда бир оиланинг тўрт аъзоси заҳарланишдан вафот этди

Дата: 11:25, 01-11-2018.

Тошкент. 1 ноябр. ЎзТАГ – Тошкентда бир оиланинг тўрт аъзоси заҳарланишдан вафот этди, оиланинг онасига ёрдам кўрсатилмоқда, ота - жабрланмаган, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг берган маълумотига кўра, гуруҳли захарланиш 31 октябр куни Тошкент шаҳар Чилонзор тумани Дилхуш кўчаси 37-уйда истиқомат қилувчи фуқаро А. Акбаров хонадонида қайд этилган.

“Хонадон эгаси Алишер Акбаровнинг 42 ёшли аёли Умида Ҳаитова 2018 йил 30 октябр куни соат тахминан 20:00ларда Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининиг рўпарасидаги миллий таомлар кафесидан 5 дона, сихга тортилган қийма кабоб, тандир нон ва уксус солинган пиёз сотиб олган ва уйига олиб борган. Уни оила аъзолари, яъни қизлари Азиза Акбарова (1996 йил), Эъзоза Акбарова (2001 йил), Ирода Акбарова (2003 йил) ва ўғли Фаррух Акбаров (2012 йил) билан бирга соат 20:30да истеъмол қилган”, - дейилади хабарда.

Кабоб истеъмол қилинган пайтда А. Акбаров уйда бўлмаган.

Тахминан соат 23:30ларда У.Ҳаитованинг боши қаттиқ оғриган, кўнгли айниб, ва кўп марта қайт қилган. Аммо тез ёрдам чақиришмаган. Тонг соат 4 ларда У.Ҳаитова иккинчи қаватдаги фарзандлари ухлаётган хонани очиб кўрганда болаларини оғзидан кўпик қусуқлари чиқиб, бехуш холда ётганлигини кўриб, тез тиббий ёрдам хизматига мурожаат қилган. Соат 04:30 да тез тиббий ёрдам мутахассислари келиб, улар томонидан Азиза Акбарова, Эъзоза, Ирода ва ўғли Акбаров Фаррухда биологик ўлим холати қайд этганлар.

Қайд этилишича, айни пайтда А.Акбаров соғлом, унинг турмуш ўртоғи У.Ҳайитовага эса Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида тиббий ёрдам кўрсатилмоқда, ахволи қониқарли.

Юзага келган ушбу холат бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг топшириғига мувофиқ, Бош прокуратура, Ички ишлар ва Фавқулодда вазиятлар вазирликлари ҳамда Санитария-эпидемиология хизмати мутахассисларидан иборат хукумат комиссия тузилди. Комиссия томонидан ушбу холат бўйича овқатдан ёки ис газидан заҳарланиш тахминлари ўрганилмоқда.

“А.Акбаров хонадони ва миллий таомлар кафесидаги ташқи муҳит объектларидан тахлиллар учун тегишли намуналар олиниб, Республика давлат санитария-эпидемиология назорати марказининг лабораториясига топширилди. Ўрганилаётган тахминлар, лаборатория тахлиллари натижалари ҳамда амалга оширилган профилактик тадбирлар тўғрисида қўшимча ахборот берилади”, - деб хулоса қилинади хабарга.

 

Сурат манбаи: https://au.news.yahoo.com

Янгилик билан ўртоқлашиш: