Тошкентда хонанда Анна Германнинг юбилейи нишонланди

Дата: 13:09, 02-03-2016.

Тошкент. 2 март. ЎзТАГ – Тошкентда таниқли хонанда Анна Германнинг 80 йиллик юбилейи катта концерт билан нишонланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Кеча Россотрудничествонинг Ўзбекистондаги бўлими, Ўзбекистон Рус академик драма театри томонидан ташкил этилди.

Тошкентда ташкил этилган концерт Анна Германнинг ўзи томонидан ижро этилган қўшиқларни магнит ёзувлари орқали тинглашга, уларнинг замонавий хонандалар ижросидаги тафтини ҳис қилишга имкон берди.

Томошабинлар хонанда Феруза Холдорова, Ўзбекистон Халқ артисти Мансур Тошматов ва Мила Иосисларни қайта саҳнага чорладилар.

Кечада Алишер Навоий номидаги Давлат академик Катта театри солистлари Анастасия Юдина, Надежда Банделет, Лятиф Абиевалар, ёш эстрада хонандалари Марям Ғофурова, Александра Ли ҳам иштирок этдилар.

Асли келиб чиқиши поляк бўлган Анна Герман 1936 йил 14 февралда Урганчда туғилган. Ҳозирда бу ерда унинг номи билан талувчи кўча бор. Унинг репертуарида асосан русча қўшиқлар бўлган. Анна Германнинг истеъдодини Польша, МДҲ мамлакатлари ундан ташқаридаги бир неча авлод вакиллари севиб тинглайдилар.

Анна Герман ҳаётдан эрта кетганига қарамасдан қўшиқлари орқали кишилар қалбида чуқур из қолдира олди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: