Тошкентда Туркманистоннинг савдо уйини очиш режалаштирилмоқда

Дата: 11:37, 14-02-2019.

Тошкент. 14 феврал. ЎзТАГ – Тошкентда Туркманистоннинг савдо уйини очиш режалаштирилмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Пойтахт маъмурияти маълумотларига кўра, бу ҳақида Тошкент ҳокими Жаҳонгир Артикходжаевнинг Туркманистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Язгули Маммедов билан учрашувида сўз борди.

Мулоқот чоғида томонлар Чилонзор тумани Муқимий кўчасидаги элчихона ҳудудида дипломатик ваколатхона ходимлари учун турар-жой мажмуаси қурилиши билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилдилар.

Охирги йилларда Ўзбекистон ва Туркманистоннинг турли соҳалардаги икки томонлама муносабатлари сезиларли равишда кучайганлиги таъкидланди.

“2017 йил якунлари бўйича савдо ҳажми $177 млнни ташкил этган бўлса, 2018 йилнинг I чорагида икки мамлакат ўртасидаги товар айланмаси 55 фоизга ошди. Шу билан бирга, юқори қўшимча қийматли маҳсулотларни ўзаро етказиб бериш ҳажми ортиб бормоқда”, - дейилади хабарда.

Таъкидланиича, Ўзбекистондан Туркманистонга қишлоқ хўжалиги техникаси, янги ва қайта ишланган мева-сабзавотлар, минерал ўғитлар, қурилиш материаллари, кимё ва тайёр тўқимачилик маҳсулотлари экспорт қилинади. Туркманистондан Ўзбекистонга нефть ва нефть маҳсулотлари, ускуналар, полимерлар ва бошқа кимёвий маҳсулотлар жўнатилмоқда.

Томонлар ўзаро манфаатли савдо ҳажмини ошириш учун барча зарур чоралар мавжудлигини қайд этдилар, деб хулоса қилинади хабарга.

Сурат манбаи: tashkentnews.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: