Тошкентда ягона навбатчи-диспетчерлик хизмати ташкил этилади

Дата: 14:35, 21-08-2019.

Тошкент. 21 август. ЎзТАГ – Тошкентда ягона навбатчи-диспетчерлик хизмати ташкил этилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу Вазирлар Маҳкамасининг 19 августдаги "Тошкент шаҳрида "Хавфсиз шаҳар" комплекс тизимини яратиш бўйича инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори билан белгиланади.

Ҳужжатга мувофиқ, "Хавфсиз шаҳар" жамоат тартибига кўмаклашиш Марказига Тошкентдаги "Хавфсиз шаҳар" комплекс тизимини техник қўллаб-қувватлаш учун масъул бўлган давлат ташкилоти вазифалари юклатилди.

"Лойиҳани амалга ошириш доирасида фавқулодда вазиятлар бошқармаси, ички ишлар органлари, тез тиббий ёрдам хизмати ва газ тармоғининг авария хизмати тезкор хизматларини ўз ичига олган "112" рақами бўйича ягона навбатчи-диспетчерлик хизматини ташкил этиш асосий вазифа деб ҳисоблансин", - дейилади қарорда.

Бундан ташқари, лойиҳа доирасида пойтахтимизда ягона ситуация маркази, маълумотларни қайта ишлаш маркази, Давлат органларининг ахборот тизимларини "Хавфсиз шаҳар" тизими билан мажбурий интеграциялашуви, шунингдек, йўл ҳаракати қоидалари бузилиши (ЙҲХБ)нинг фото -, видеофиксацияси, уй-жойлар ва ижтимоий аҳамиятга эга объектлар хавфсизлигини мониторинг қилиш ташкил этилади.

Сурат манбаи: astravolga.ru

Янгилик билан ўртоқлашиш: