Тошкентда ўзбек-герман савдо уйи очилади

Дата: 10:52, 02-07-2018.

Тошкент. 2 июл. ЎзТАГ – 2018 йил июлда Тошкентда ўзбек-герман савдо уйи очилади. Лойиҳа ONS Frankfurt GmbH (Германия) компаниялар гуруҳи томонидан амалга оширилмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу ҳақида ширкат матбуот хизмати хабар берди.

Савдо уйи Ўзбекистон Республикаси ва Европа иттифоқи мамлакатлари ўртасида экспорт-импорт операциялари учун савдо майдончасига айланади. Лойиҳа ўзбек иқтисодиётига инвесторлар ва технологияларни жалб қилиш учун платформа бўлиб хизмат қилади.

“Бизнинг мутахассисларимиз консалтингдан контрактациягача хизмат кўрсатиш орқали Ўзбекистонда Европа мамлакатлари ишлаб чиқарувчиларини ва ЕИда ўзбекистонликларни рағбатлантиришда кўмаклашади. Компаниямизнинг ҳамкорлик портфели юзлаб корхоналарни ўз ичига олган”, – деб таъкидлади ONS Frankfurt GmbH ширкатлар гуруҳининг топ-менежери Мирослав Тренчевски.

Савдо уйи Ўзбекистон Республиксини ЕИ мамлакатлари ускуналари ва илғор технологиялари билан таъминлаш, ускуналарни қидириш, шартнома тузиш, ишлаб чиқаришни текшириш, логистика, суғурта, божхонадан олиб ўтиш, фойдаланишга топшириш, кафолат ва кафолатдан кейинги хизмат, ўқув курсларини ташкил этиш, молия институтларини жалб этган ҳолда лойиҳани молиялаштиришда  ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш кабилар билан шуғулланиши режалаштирилмоқда.

Ўзбекистондан Евроиттифоқи мамлакатларига тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги (мева, сабзавот, қуруқ мевалар, зираворлар, кўкатлар ва ҳ.к.), алкоголь маҳсулотлари (вино, ароқ, коньяк ва уларнинг  концентратлари), фармацевтика маҳсулотлари (тоғ ўсимликлари, илон заҳри, қизилмия илдизи), нефткимё саноати маҳсулотлари, шунингдек, ЕИда талаб катта бўлган бошқа маҳсулотларни экспорт қилади.

Эслатиб ўтамизки, Германия Ўзбекистоннинг Европадаги асосий савдо-иқтисодий ҳамкорларидан бири ҳисобланади. 2017 йил якунлари бўйича ўзбек-герман товар алмашинуви ҳажми $613,2 млнни ташкил қилган. Икки давлат ўртасидаги молиявий ва техник ҳамкорлик ҳажми 329,9 млн евродан ортиқ бўлди.

ONS Frankfurt GmbH компаниялар гуруҳи – МДҲ ва Яқин Шарқ мамлакатларидаги етакчи халқаро савдо-муҳандислик компанияси саналади. Компания нефт ва газ, тоғ-кон ва металлургия, темир йўл соҳаларида савдо-иқтисодий ва муҳандислик хизматларини тақдим этади. Компания офислари ва ваколатхоналари Германия, Россия, Ўзбекистон ва БААда жойлашган.

Сурат манбаи: https://www.gazeta.uz/oz/2018/05/15/olmoniya/

Янгилик билан ўртоқлашиш: