Тожикистон ва Ўзбекистон мутахассислари сил билан кураш тажрибасини алмашмоқдалар

Дата: 15:00, 25-08-2017.

Тошкент. 25 август. ЎзТАГ – Тожикистон ва Ўзбекистон мутахассислари сил билан кураш тажрибасини алмашмоқдалар, деб хабар беради жума куни Тожик телеграф агентлиги (ТожТАГ).

“Республика фтизиатрия ва пульмонология ихтисослашган илмий-амалий тиббий маркази ва Тошкент тиббиёт академиясига мансуб ўзбек мутахассислари гуруҳи тўрт кунлик ташриф билан сил билан кураш тажрибасини алмашиш мақсадида Тожикистонга етиб келди”, - деб хабар қилади АҚШ халқаро тараққиёт агентлигининг (USAID) Тожикистондаги вакили.

Ўзбекистонлик меҳмонлар ТР Сил, пульмонология ва торакаль хирургия миллий марказининг Илғор тажрибалар маркази, шунингдек, бошқа тиббий ва силга қарши курашувчи муассасаларга ташриф буюрмоқдалар.

Таъкидлаш керакки, USAID кўмагида сил бўйича ўзбек ва тожик экспертлари илк маротаба силга қарши кураш соҳасида илғор даволаш амалиётлари билан ўртоқлашмоқдалар.

Хусусан, ўзбекистонлик мутахассислар тиббий таълимдаги энг янги ёндашувлар билан танишдилар ва сил соҳасидаги ўқишларни тиббий таълим муассасалари ўқув дастурларига интеграция қилиш ҳақида маълумот алмашдилар.

Тожикистондаги Илғор тажриба маркази USAID кўмагида яратилган бўлиб, минглаб тиббиёт ходимларини силга қарши кураш ва унинг олдини олиш бўйича янгича ёндашувларга ўқитувчи етакчи муассасалардан бирига айланган.

Ташрифда қатнашаётган ўзбекистонлик врачлар Илғор тажриба марказининг устоз ва инструкторларига айланадилар.

Янгилик билан ўртоқлашиш: