Йил бошидан буён Ўзбекистонда деярли 700 киши ҳавфли ҳудудлардан бошқа жойларга кўчирилди

Дата: 10:22, 05-05-2017.

Тошкент. 5 май. ЎзТАГ – 2017 йил бошидан буён Ўзбекистонда кўчки, сел ва сув тошқини хавфи мавжуд ҳудудларда истиқомат қилаётган 696 киши вақтинча ёки доимий яшаш учун хавфсиз ҳудудларга кўчирилди, деб хабар беради республика ФВВ матбуот хизмати.

“Бундан 658 нафар фуқаро, жумладан, Сурхондарё вилоятида 515 нафар фуқаро, Самарқанд вилоятида 71 нафар фуқаро, Тошкент вилоятида 61 нафар фуқаро ва Наманган вилоятида 11 нафар фуқаро вақтинча яшаш учун хавфсиз ҳудудларга кўчирилди.

Шунингдек, Қашқадарё вилоятидаги 4 та хўжалик 21 нафар фуқаро доимий хавфсиз ҳудудга кўчирилди”, - дейилади хабарда.

Самарқанд вилоятидаги 2 та хўжалик (12 нафар фуқаро)ни муҳофаза қилиш мақсадида, қирғоқ мустаҳкамлаш ишлари олиб борилиб, уларга бўлган хавф бартараф этилди.

Бундан ташқари, бир хўжаликда яшовчи 5 нафар фуқаро уй-жойига хавф солган кўчки массаси махсус техника ёрдамида олиб ташланиб, хавф бартараф этилди.

Таъкидланишича, 2017 йилда тошқин сувлари ва сел оқимларини сув оқимлари бўйлаб барқарор ва хавфсиз ўтказиб юборишни таъминлаш бўйича Йиғма манзилли дастурларида белгиланган дарё, сойлар ўзанлари ва қирғоқларида муҳандислик-техник ва бошқа ҳимоя тадбирларини амалга ошириш бўйича мавсум бошидан республиканинг Андижон, Наманган, Самарқанд ва Фарғона вилоятларида жами бўлиб 167,6 минг кубометр тош-шағал ишлари, 13,5 минг кубометр харсанг тош ишлари амалга оширилди.

Бундан олдинроқ ЎзТАГ кучли ёғингарчиликлар натижасида Қамчиқ довонида 40 метрлик ёриқ юзага келгани, йўлнинг хавфли қисмида ҳаракат чеклангани ҳақида хабар қилган эди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: