Ўзбекистон АҚШ университетлари билан келгуси уч йил ичида ҳамкорлик бўйича келишиб олди

Дата: 14:36, 18-05-2018.

Тошкент. 18 май. ЎзТАГ – Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Америка Қўшма Штатларига расмий ташрифи доирасида муҳим келишувлар имзоланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу ҳақида 17 май куни АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати хабар берди.

“Бугун (17 майда – ЎзТАГ) Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бошқармаси мулозими Элис Уэллс ва Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Қўшма Штатлар ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасида иккита келишувни имзолади”, - дейилади хабарда.

“Биринчи Англашув меморандуми АҚШ университетлари ва Марказий Осиёдаги олий таълим муассасалари ўртасида келгуси уч йил мобайнида йўлга қўйиладиган ҳамкорликларни қўллаб-қувватлашга қаратилган дастурнинг Ўзбекистонда очилишига оиддир”, - деб таъкидлайди америка дипвакиллиги.

Иккинчи Англашув меморандуми эса Ўзбекистон бўйлаб инглиз тили дастурларининг молиялаштирилишини кенгайтиришга қаратилган бўлиб, университет талабалари, журналистлар ва бошқа мутахассисларни ўқитиш, Ўзбекистондаги инглиз тили ўқитувчилари салоҳиятини ошириш ҳамда ўқитувчи ва талабалар учун онлайн таълим имкониятларини ўз ичига олади.

“Ушбу келишувлар таълим соҳасида АҚШ-Ўзбекистон ҳамкорлигининг янги даври бошланаётганини белгилаб беради ҳамда халқларимиз ўртасидаги кенг ва чуқурлашиб бораётган ҳамкорликнинг рамзи ҳисобланади”, - деб хулоса қилинади хабарда.

Сурат манбаи: http://venividi.ru/node/30701

Янгилик билан ўртоқлашиш: