Ўзбекистон фармацевтика бизнеси учун имтиёз ва енгилликлар пакетини тайёрламоқда
Тошкент. 15 март. ЎзТАГ – Ўзбекистонда давлат раҳбарининг фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларга қатор имтиёз ва енгилликлар беришни кўзда тутувчи қарори лойиҳаси тайёрланмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Дори-дармонлар, маҳсулотлар ишлаб чиқаришда қўлланиладиган тиббий аҳамиятга молик анжомлар ва ёрдамчи материалларни ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъектлари 2021 йил 1 январига қадар технологик ускуналар, материаллар, бутловчи жиҳозлар ва эҳтиёт қисмларни республикага олиб киришда божхона тўловларидан озод қилинади”, - деб таъкидланади хужжатнинг Меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар порталида эълон қилинган лойиҳасида.
Бундан ташқари, ишлаб чиқарувчилар олиб келинадиган хом-ашё ва ёрдамчи материаллар учун қўшимча қиймат солиғи ва акциз солиғидан ҳам озод қилинадилар.
Шунингдек, мазкур соҳада фаолият юритувчи кичик корхоналарга ишчи-хизматчилари сонини солиқ тоифалашувини ўзгартирмасдан 200 нафарга етказишга рухсат бериш ҳам кўзда тутилмоқда. Хужжатда ишлаб чиқарувчиларга зарур хом-ашё ва ёрдамчи материалларни импорт қилиш учун зарур бўлган маблағларни конвертация қилиш масалаларини ҳал қилиш бўйича қатор чоралар белгиланган.