Ўзбекистон инглиз тили ўқитувчиларини баҳолаш билан швед компанияси шуғулланади

Дата: 12:31, 14-02-2019.

Тошкент. 14 феврал. ЎзТАГ – Ўзбекистондаги барча инглиз тили ўқитувчиларининг билим даражасини баҳолаш билан EF Language Learning Solutions швед компанияси шуғулланади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўзаро англашув меморандуми Халқ таълими вазирлиги (ХТВ) ва EF Language Learning Solutions компанияси (Швеция) ўртасида имзоланди.

“EF Language Learning Solutions компанияси юртимиз ўқитувчиларини инглиз тили бўйича синовдан ўтказиш, уларнинг билим даражасини аниқлаш ҳамда ушбу тест синовларидан муваффақиятли ўтганларни Европа ва Америка олий ўқув юртларига ўқиш ва малака ошириш учун юборишга тайёрлигини маълум қилди”, - дейилади ХТВ матбуот хизматининг хабарида.

Бундан ташқари, компания ўзбеки ўқитувчиларига IELTS/TOEFL учун мос келувчи, халқаро миқёсда тан олинган EF Standard English Test таълим сертификати асосида инглиз тилини ўргатиш таклифини киритди. Ҳамкорликнинг кейинги йўналиши сифатида мамлакатимизда “Таълим даражасини миллий баҳолаш“ платформасининг жорий этилиши белгиланган.

Шунингдек, ҳамкорлик доирасида халқ таълими тизими раҳбар ходимлари учун ҳам тренинг ташкил этилади. Шу билан бирга, швед компанияси мамлакат иқтисодиётининг стратегик тармоқлари учун мутахассислар тайёрлашга кўмаклашади.

Келгусида томонлар турли семинар ҳамда тадбирларни ўтказишда ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишни режалаштирмоқдалар.

Сурат манбаи: uzedu.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: