Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги делегацияси АҚШда музокаралар ўтказди

Дата: 13:24, 02-11-2017.

Тошкент. 2 ноябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги делегацияси АҚШда музокаралар ўтказди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“АҚШ қишлоқ хўжалиги вазирлигида ўтказилган икки томонлама учрашув ва музокараларда Ўзбекистон томони инновацион ва амалий қишлоқ хўжалиги фани йўналиши, аграр соҳада АҚШнинг  интенсив ресурстежовчи технологияларини жорий этиш бўйича ҳамкорлик масалаларига эътибор қаратди. Шунингдек, янги ўсимликлар селекцияси ва ўсимлик ва ҳайвонларни хавфли касалликлардан ҳимоя қилиш йўналишидаги икки томонлама ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди”, - дейилади Ўзбекистон ТИВ хабарида.

Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонаси маълумотига кўра, Мичиган ва Огайо штатлари университетларига ташриф доирасида Ўзбекистон делегацияси қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ОТМлар даражасидаги ҳамкорлик бўйича музокаралар олиб борган, университетлар фаолияти билан, шу жумладан, ахборот-консултация марказлари, ўқув дастурлари, тадқиқот имкониятлари ва илмий базаси билан батафсил танишган.

Музокаралар якунларига кўра Мичиган штати университети ва Тошкент давлат аграр университети, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалиги механизацияси институти, Андижон ва Самарқанд қишлоқ хўжалиги институтлари билан англашув меморандумлари имзоланди.

“Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги делегацияси, шунингдек, “Халқаро таълим бўйича АҚШ кенгашлари” (ACIE) ташкилоти билан музокаралар ўтказиб, унинг давомида ташкилотнинг Ўзбекистон билан ҳамкорликка бўлган қизиқишини қайд этди ва икки мамлакат орасида таълим алоқаларини кенгайтиришга тайёрлигини маълум қилди”, - дейилади хабарда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: