Ўзбекистон ХВФнинг маълумотларни тарқатиш тизимига киради

Дата: 10:31, 30-11-2017.

Тошкент. 30 ноябр. ЎзТАГ – 2018 йил охиригача Ўзбекистон Халқаро валюта фондининг Маълумотларни тарқатиш умумий тизимига (Р-ОСРД) кириш бўйича барча ишларни якунлаш ниятида, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Бу республикага хорижий инвесторлар, етакчи чет эл компаниялари ва халқаро молия институтларига улар ўрганган шаклдаги иқтисодий маълумотлардан фойдаланиш имкониятини беради ва жалб этилаётган хорижий инвестициялар ҳажмини оширишга кўмаклашади. Чунки бугун хорижий инвесторлар расмий ўзбек статистикасига ишонишмайди”, – деб таъкидлади Давлат статистика қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Боходир Мирусмонов Халқаро пресс-клуб йиғилишида.

Келаси йил январ-февралда ушбу жараёнда ёрдам бериш учун Ўзбекистонга ХВФ миссияси келиши режалаштирилган.

 Бугунда ХВФ статистика департаменти халқаро статистик ҳамкорлик доирасидаги етакчи манбалардан биридир. Фондни статистика соҳасида биринчи навбатда миллий ҳисоблар, тўлов баланси, шунингдек, молиявий маълумотлар қизиқтиради.

Янгилик билан ўртоқлашиш: