Ўзбекистон президенти “аскарларнинг юқори маънавияти ва психологик барқарорлигига” эътибор қаратди

Дата: 14:58, 21-05-2018.

Тошкент. 21 май. ЎзТАГ – Ўзбекистон Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев 20 май куни Шарқий ҳарбий округга қарашли ҳарбий қисмлардан бирига ташрифи доирасида “аскарларнинг юқори маънавияти ва психологик барқарорлигига” эътибор қаратди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Мамлакатимизнинг янги Мудофаа доктринасига мувофиқ бу ерда таркибий-ташкилий ўзгаришлар амалга оширилган. Озиқ-овқат билан таъминлаш бўйича аутсорсинг тизими жорий қилинган. Бу ҳарбий хизматчиларнинг бутун куч-ғайратини ўз профессионал малакасини оширишга қаратиш имконини бермоқда”, - дейилади Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг хабарида.

Шундан кейин таъкидланишича, давлатимиз раҳбари аскарларнинг қандай китоб ўқигани билан қизиқди. “Ҳарбий хизматчиларнинг бир дақиқа вақтиям бекор ўтмаслиги керак. Жисмоний машғулотлар билан бирга ҳар куни ўқиши, чет тилини ўрганиши, дунёқарашини кенгайтириши зарур. Ватан ҳимоячиси деган номга ҳар куни муносиб бўлиши керак”, - деди Шавкат Мирзиёев.

Ҳарбий қисмда шахсий таркибнинг жанговар маҳоратини ошириши, спорт билан шуғулланиши учун барча шароит яратилган. Дам олиш кунларида бу ерда олимлар ва санъаткорлар билан учрашувлар ўтказилади, спектакллар намойиш этилади.

Шавкат Мирзиёев шу ерга тўпланган аскарлар, зиёлилар билан суҳбатлашди.

“Армияни моддий жиҳатдан таъминлаяпмиз, замонавий техника ва аслаҳалар билан қуроллантиряпмиз. Аммо шахсий таркибнинг маънавий-руҳий тайёргарлигига етарлича эътибор берилмаяпти. Жисмоний ва жанговар ҳолатни синовдан ўтказиш бўйича полигонлар, машғулотлар бор. Худди шундай, аскарлар маънавияти, руҳан бақувватлиги бўйича ҳам катта тайёргарлик бўлиши керак”, – деб таъкидлади президент.

Давлат раҳбари ҳарбий хизматчиларнинг маънавий-руҳий тайёргарлигини оширишга доир қарор ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берди, деб хулоса қилинади хабарда.

Эслатиб ўтамизки, 19 май куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши билан танишиш мақсадида Андижон вилоятига ташриф буюрди. Ташриф давомида тўқимачилик, пиллачилик, фармацевтика, агросаноат корхоналари фаолияти билан танишиш, истиқболли лойиҳаларни муҳокама қилиш, вилоят фаоллари ва мутасаддилар иштирокида йиғилиш ўтказиш режалаштирилган эди.

Сурат манбаи: http://theopenasia.net/articles/detail/armii-uzbekistana-i-kazakhstana-priznany-samymi-silnymi-v-tsa/

Янгилик билан ўртоқлашиш: