Ўзбекистон президенти Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг юқори даражадаги амалдорларини қабул қилди

Дата: 17:48, 09-11-2015.

Тошкент. 9 ноябр. ЎзТАГ - Ўзбекистон Республикаси президенти Ислом Каримов Оқсаройда Халқаро инвестициявий форумда иштирок этиш учун мамлакатимизга келган Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича вице-президенти Сирил Мюллер ҳамда Жаҳон банки гуруҳига кирувчи Халқаро молия корпорациясининг вице-президенти Димитрис Цицирагосни қабул қилди. Бу ҳақида давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар қилмоқда.

Хабарда айтилишича, И.Каримов Ўзбекистон Жаҳон банки гуруҳи билан ҳамкорликни юксак қадрлашини таъкидлади.

“Ўзбекистон билан Жаҳон банки ўртасида самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган. Бунинг натижасида умумий қиймати $6 млрддан зиёд бўлган 28 қўшма лойиҳа амалга оширилди. Бу лойиҳалар электр энергетикаси, ирригация ва коммунал тармоқларни модернизациялаш, сув таъминоти, ишлаб чиқариш, транспорт ва ижтимоий инфратузилмаларни ривожлантириш каби йўналишларни қамраб олган. Ушбу лойиҳаларни молиялаштиришда Жаҳон банкининг улуши $2,6 млрдни ташкил этди”, - деб таъкидлайди Ўзбекистон раҳбарининг матбуот хизмати.

Ўзбекистон ва Жаҳон банки ўртасидаги шериклик муносабатларида соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорлик алоҳида ўрин тутади. Унинг доирасида Жаҳон банки $300 млндан ортиқ миқдордаги узоқ муддатли имтиёзли кредит билан 4 лойиҳани амалга оширишни қўллаб-қувватлади.

Мамлакатда Халқаро молия корпорациясининг $135 млн миқдоридаги инвестицияси иштирокида хусусий секторни ривожлантириш бўйича 20 лойиҳа амалга оширилди, деб таъкидланади хабарда.

“Суҳбат давомида Жаҳон банки гуруҳи вакиллари Ўзбекистонда 2015-2019 йилларда иқтисодиётни янада ислоҳ қилиш, таркибий ўзгартириш ва диверсификациялаш бўйича жорий йилда қабул қилинган стратегик дастурларнинг аҳамиятини алоҳида қайд этди. Бу дастурларда иқтисодий ислоҳотларни давом эттириш ва чуқурлаштириш, саноатни янада модернизация ва диверсификация қилиш, хусусий мулкчилик ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, шунингдек, давлатнинг иқтисодиётдаги роли ва ўрнини камайтириш кўзда тутилган”, - деб хулоса қилади Ўзбекистон президенти матбуот хизмати.

Янгилик билан ўртоқлашиш: