Ўзбекистон Robinson и Airbus вертолётларини сотиб олишни режалаштирмоқда

Дата: 17:28, 19-10-2018.

Тошкент. 19 октябр. ЎзТАГ – 17 октябр куни “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси бош дирекциясида Uralhelicom компанияси директори Алексей Михайлов билан музокаралар бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

МАК матбуот хизматининг хабар беришича, музокаралар Россия президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифи (18-19 октябр) доирасида Тошкентда бўлиб ўтаётган биринчи Россия-Ўзбекистон минтақалараро форуми давомида бўлиб ўтди.

Учрашувдан кўзланган мақсад Robinson Helicopter Company (АҚШ) ва Airbus Helicopters (Франция, Германия) каби етакчи вертолёт ишлаб чиқарувчиларидан йўловчи вертолётларини етказиб бериш бўйича ҳамкорликни муҳокама қилишдан иборат бўлди.

А. Михаилов компания фаолияти, унинг узоқ муддатли ҳамкорлари, йўловчи ташувлари, санавиация, қидириш-қутқариш ишлари, ҳудудларни назорат қилиш, ҳаво сафарлари учун тақдим этилаётган вертолётлар турлари ҳақида сўзлаб берди ва кўп мақсадли вертолётлар сотиб олишни ташкил этиш, уларни етказиб бериш, техник ёрдам, хизмат кўрсатиш ва бошқалар бўйича ўз таклифларини тақдим этди.

МАК компаниянинг таклифларига қизиқиш билдирди ва уларни кўриб чиқишга тайёрлигини билдирди. Ўз навбатида, Россия компаниясининг вакиллари Ўзбекистон МАК билан ҳамкорлик қилишга қизиқиш билдирдилар ва бундан кейинги ўзаро манфаатли ҳамкорликка умид билдиришди.

Эслатиб ўтамиз, Uralhelicom (“Урал вертолёт компанияси”) - Robinson Helicopter Company (АҚШ) ва Airbus Helicopters (Франция, Германия) вертолёт компанияларининг ҳамда Eurocopter ширкатининг Россиядаги расмий дилеридир.

Сурат манбаи: http://www.ato.ru

Янгилик билан ўртоқлашиш: