Ўзбекистон ва Германия 9 ҳукуматлараро ва муассасалараро ҳужжатларни имзоладилар

Дата: 14:32, 22-01-2019.

Тошкент. 22 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистон ва Германия 9 ҳукуматлараро ва муассасалараро ҳужжатларни имзоладилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўзбек етакчиси матбуот хизматининг маълумотига кўра, бу ҳақида 21 январда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Германия Федерал канцлери Ангела Меркелнинг музокараларида сўз борди.

Томонлар инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, атроф муҳитни муҳофаза этиш масалаларини ҳам кўриб чиқди. Ш. Мирзиёев Германия ҳукуматига Орол фожиаси оқибатларини бартараф этишдаги кўмаги учун миннатдорлик билдириб, Берлинни Оролбўйи учун кўп шериклик асосидаги Траст фонди фаолиятида фаол иштирок этишга чақирди. 

Шунингдек, мулоқотда хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик масаласига, жумладан, Афғонистон муаммосини ҳисобга олган ҳолда эътибор қаратилди. Бу масалани барча томонлар иштирокида, афғонлар раҳбарлигида тинч йўл билан ҳал этиш зарурлиги алоҳида қайд этилди.

Учрашувда асосий эътибор савдо-иқтисодий, инвестициявий ва технологик ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига қаратилди.

Ташриф доирасида кимё, қурилиш, энергетика, металлургия ва озиқ-овқат соҳалари етакчилари – “Сименс”, “Тиссен Групп”, “Клаас”, “МАН”, “Кнауф”, “Линде”, “Паппенбург”, “Хумана”, “Фольксваген” каби халқаро миқёсдаги немис концернлари билан шерикликда янги кўп миллиардли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувга эришилгани мамнуният билан қайд этилди.

“Ташриф доирасида иқтисодиёт, савдо, молия, таълим, илм-фан ва инновация соҳаларига оид ҳукуматлараро ва идоралараро 9 та ҳужжат имзоланди”, - дейилади хабарда. 

Қайд этилишича, ўтган йили икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 700 млн евродан ошган, бу кўрсаткични 1 млрд еврога етказиш учун барча имкониятлар бор. 

Бундан ташқари, илм-фан, таълим соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш, маданий алоқалар ва туристлар алмашинувини кенгайтириш муҳимлиги қайд этилди. 

Учрашув якунида томонлар мамлакатларимиз ва халқларимиз манфаати йўлида ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга интилишини билдирдилар.

Эслатиб ўтамиз, 20-22 январ кунлари Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Германияда расмий ташриф билан бўлиб турибди.

Сурат манбаи: https://president.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: